ПАЙАРИҚДА ЯХШИ АНЪАНА ЯНА ДАВОМ ЭТМОҚДА

Инсон ҳар доим меҳр-мурувватга, яқинларининг, қавму қариндошлари ва ҳамюртларининг эътибори ва диққатига муҳтож. Меҳр-мурувват, эътибор бор жойда эса инсон қалби ҳамиша юксакларга кўтарилади, инсоний ҳис-туйғулардан жўш уради.
3-декабр Халқаро ногиронлар куни муносабати билан Пайариқ туманида ўтказилган хайрия тадбири ҳам йиғилганлар қалбида энг нозик туйғулар уйғотиши, қалбларни саховат ва эътибор қанчалар кучли боғлашига ажойиб намуна бўлди.
Байрам тадбирига тумандаги маҳаллаларидан жами 250 нафар имконияти чекланган, ногиронлиги бўлган фуқаролар таклиф этилиб, улардан 75 нафарига ногиронлик аравачалари ҳамда ҳомийлар томонидан ажратилган совғалар тақдим этилди.
Тадбирда сўзга чиққан туман ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси 
А. Жўраев, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлими раиси ўринбосари С. Бойзоқовлар ўз сўзларида бугун мамлакатимизда кам таъминланган ва ёрдамга муҳтож кишилар ҳолидан хабар олиш, уларни сўраб бориш, моддий ва маънавий жиҳатдан ҳар томонлама кўмак кўрсатиш яхши анъанага айланиб бораётганлиги, бу республикамиз раҳбарияти томонидан олиб борилаётган кучли ижтимоий ҳимоянинг ёрқин намунаси эканлигини таъкидладилар.
Тадбир сўнгида таклиф этилганлар учун тўкин дастурхон атрофида туман маданият ва дам олиш маркази санъаткорлари томонидан куй-қўшиқлар ижро этилиб, уларга иззат-эҳтиром кўрсатилди.

2015-2024 © Payarik district department of government. Maked by: SAKTRM