ОГОҲ   БЎЛАЙЛИК

Турли-туман қарашлар, мафкуравий принциплар, турли мамлакатлардан ахборотлар оқимининг кучайганлиги, ҳар хил удум, анъана, урф-одатларни динга, муқаддас манбаларга боғлаб талқин қилишга уринишлар кучайган, миграция  кўрсаткичлари ошиб бораётган, ўзаро ахборот алмашинувлари юқорилаётган бугунги кунда кўп нарса инсоннинг ўз онги ва дунёқараши, фикрлаш тарзи, ўқимишлилиги, китобхонлик даражаси, мафкуравий, маънавий, моддий муаммоларини қандай ечишига боғлиқ бўлиб қолмоқда. Бир сўз билан айтганда,”кўп нарса инсоннинг ўзига боғлиқ” бўлиб қолмоқда. Будегани, бир ёки бир неча йигит кўз олдимизда улғаяди, сизу биз юрган йўлларда ўйнаб, боғча, мактабга, тўй-маъракага боради, бошқалардан фарқ қилмайди, кўриниши, кийиниши, муомаласи ўзгармайди, аммо бир куни Россияга ё бошқа давлатга ишлашга кетаман деб ота-онасини кўндиради-ю, диний эксремизм йўлига ўтиб кетади.

Шунда ҳам махсус ваколатли органлар аниқламагунча биз бу ҳақда билмаймиз. Қачонки, қонуннинг ўткир нигоҳи унинг чет элда қилиб юрган ишларини ёритиб бергач, гап тарқатамиз:”Фалончининг боласи шундай йўлга кириб кетибди,фалончи тумандан ёки маҳалладан террорист чиқибди”.
Бу нимадан далолат беради? Бу инсоннинг ички дунёсига ишониб бўлмайди, у жуда ўзгаруван ва қатъиятсиз, деб хулоса чиқаришга изн беради. Ахир биз у болани танирдик, гаплашганмиз, лекин ўз ватанига, халқига шунча хиёнат қилиши мумкинлигини ўйлаб ҳам кўрмаган эдик-ку. Ҳеч Сурия ё бошқа мамлакатларда хунрезликлар қилаётган, соппа-соғлом, оиласи кутиб турган ёш йигитларни, болажонларни отиб ташлаётган лавҳалар намойиш этилган фильмларни томоша қилганмисиз? Уларнинг ишини Худонинг бандаси қилолмайди, булар инсон эмас, бошқа, жирканч мавжудот деган хаёлга борасиз. Албатта шундай. Эсимда, бир фильмда учта ёш,  ҳаётга тўймаган йигитлар эмаклаб қочишга, ўлмай қолишга, жонини қутқаришга ҳаракат қилаяпти. Терорчилар эса бошида автомат билан совуққина қилиб уларнинг бошига, белига уч-тўрттадан ўқни жойлаб, яхши иш қилгандай ортига қарамай кетаяпти. Шулар инсонми? Шуларни инсон, Худога ишонадиган, Худони деб, эътиқодни деб ёмонлик қилмайдиган одамлар деб айтса бўладими? Ахир улар энг ваҳший ҳайвондан ҳам золим-ку. Буни шундай тушунтириш керакки, бундай одамларнинг маънавий дунёқараши қолмаган, уларнинг қалбини бутунлай бўшлиқ, Худодан ҳам қўрқмайдиган мафкура эгаллаб олган. Бўлмаса бундай бўлмаслиги керак эди, одамларнинг жонига ичлари ачиши керак эди. Шуни айтмоқчиманки, олдимизда, атрофимизда, мактабимизда, кўчамизда ўсаётган болалар, ўсмирлар, йигитларнинг дунёқараши, фикрлаши, динга муносабати, маънавияти, китобхонлиги, фанлар ҳақидаги билими тўғрисида огоҳ  бўлиб туришимиз керак. Чунки дунёда мафкуравий полигонлар кучайиб, инсон онгини эгаллашга интилиш, бу йўлдаги риёкорликлар, услублар, воситалар, билдирмай кириб келишлар кучайиб боаяпти. Ўз болаларимизнинг маънавиятини бошқа одамларнинг ихтиёрига топшириб қўймайлик. Ахир улар бизнинг жонимиздан бўлган. Огоҳ бўлайлик.
Азамат ТАВБОЕВ.

2015-2019 © Payariq tuman hokimligi. Sayt yaratuvchisi: SAKTRM