САМАРҚАНД ВИЛОЯТИДАГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ РАҲБАРЛАРИНИНГ ЯРИМ ЙИЛЛИК ФАОЛИЯТИ БАҲОЛАНДИ

Самарқанд вилояти ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгилаб берилган устувор вазифалар ижроси доирасида вилоятдаги давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ахборот хизматлари раҳбарларининг 2020 йил биринчи ярим йиллиги мобайнида фаолият самарадорлиги ўрганилди.

Ўрганиш давомида ахборот хизмати раҳбари фаолияти унинг:
– иш ҳажми (пресс-тадбирлар, уларда оммавий ахборот воситаларининг иштироки ҳамда тадбирларни ижтимоий тармоқларда онлайн эфирлар орқали жамоатчиликка етказиш);
– иш фаолияти сифати (пресс-тадбирларга профессионал ёндашув, раҳбариятнинг иштироки, ахборотни етказиб беришда турли инструментлардан фойдаланиш);
– иш самарадорлиги (ахборотнинг қамров миқёси, соҳага оид муаммоларни ёритиш, танқидий материалларга муносабат билдириш даражаси ҳамда расмий веб-сайт, мессенжерлар ва ижтимоий тармоқларда ахборот бериш тезкорлиги, ташкилот фаолияти бўйича муайян воқелик муносабати билан расмий баёнот бериш, хорижий оммавий ахборот воситаларида материаллар эълон қилиш) асосий мезон қилиб олинди. 
Натижага кўра, вилоятдаги 40 нафар ахборот хизмати раҳбаридан 5 нафарининг фаолият самарадорлиги “Юқори”, 14 нафариники “Ўрта”, 12 нафариники “Қониқарли”, 9 нафарининг фаолияти “Паст даражада”, дея баҳоланди.
Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Жамшид Носиров, Булунғур тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Аббос Жабборов, Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Абдужаббор Пўлатов, Пайариқ тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Дилшод Ҳамидов, шунингдек вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Жаҳонгир Сагдуллаев 2020 йилнинг биринчи ярмида ахборотни замонавий, тезкор ва кенг қамровли усулда оммавий ахборот воситалари (радио/ телевидение, газета, ижтимоий тармоқлар, мобиль мессенжерлар ва веб-сайтлар) орқали фойдаланувчиларга инфографика, фото, аудио, видео ва матн шаклларида, муайян белгиланган вақт оралиғида етказиб бериш бўйича энг юқори кўрсаткич аниқланди.
Тўғри, ахборот хизмати фаолиятини холис тарзда баҳолаш бўйича мазкур амалиёт илк марта йўлга қўйилмоқда. Кейинги баҳолаш мезони янада такомиллаштирилган ҳолда ўтказилади ва умид қиламизки бу жараёнда барча матбуот котиблари ўз позицияларини эгаллашга ҳаракат қилишади.

Самарқанд вилоят ахборот ва 
оммавий коммуникациялар бошқармаси

2015-2024 © Хокимият Пайарыкского района. Разработан в: SAKTRM