Пайариқ туман ҳокими Д.Мусиновнинг МУРОЖААТИ

Ҳурматли тумандошлар!

Хабарингиз бор, бугунги кунда коронавирус пандемияси кириб келиши ва тарқалиши бўйича туманимиз минг афсуслар бўлсинки “қизил ҳудуд” тоифасига кириб турибди. Коронавирус тарқалиши олдини олишнинг энг муҳим шарти — карантин қоидаларига қатъий ва истисноларсиз риоя этишдир.

2020 йил 22 май соат 23:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 3036 (+8) нафарни ташкил қилмоқда. Ачинарлиси, кечаги ҳолат бўйича касалликка чалинганлар орасида асосий қисми Самарқанд вилоятидан. Вазият эса бизни яна бир бор огоҳликка чақирмоқда.

Пайариқ туманидаги вазиятдан келиб чиқган ҳолда карантин чекловларни кучайтириш лозимлиги, шунингдек, туманнинг “Янги ҳаёт”, “Илғор”, “Х.Исмоил”, “Каттасайдов”, “Гўзал” маҳаллаларида ва ушбу маҳаллаларга туташ барча маҳаллаларда карантин қоидалари кучайтирилган тартибда амалга оширилади. Туман ҳудудида аҳолининг санитария-эпидемологик осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш, "COVID-19" инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида назорат постлари ташкил этилди. Шунга қарамасдан айрим бепарво фуқароларимиз томонидан карантин қоидаларига зид равишда кўчага ниқобсиз ва  бемақсад юриш ҳолатлари учраб турибди. 

Шу муносабат билан барчани алоҳида огоҳлантириб, ўз ҳаракатингиз билан нафақат ўзингиз, балки оила аъзоларингиз ва халқимизга зиён етказишингиз мумкинлигини доимо эсда тутишингизни сўрайман.

Вирус кенг тарқалишининг олдини олиш учун фуқаролар жамоат жойларига чиқмаслиги, ўз ҳаракатланишини кескин чеклаши ва умуман олганда жамиятда одамлар орасида масофа сақлаши зарур.

Азиз тумандошлар!

Барча қоида ва чекловларга тартибли равишда амал қилинсагина, тегишли ташкилотлар талаби қатъий бажарилсагина, бутун дунёда тарқалаётган бу вирусга қарши биргаликдаги, ҳамжиҳатликдаги курашимиз самара беради. Барчангизни шунга чақираман.

Туманимиздаги фаолиятида чекловлар ўрнатилган ташкилотлар ва муассасалар, тадбиркорлик субъектлари ва умуман мазкур чекловлар тегишли бўлган барча-барча субъектлар, жисмоний ва мансабдор шахслар давлат томонидан белгиланган карантин қоидалари ва талабларини сўзсиз бажаришларини қатъий сўрайман.

Барча ҳудудлар учун белгиланган карантин қоидалари, хусусан, кўчада ниқобда бўлиш, жамоат жойларида масофа сақлаш, дезинфекция, шахсий гигиена сингари бир қатор қоидаларга амал қилиш кераклигини унутманг. Шунингдек, кекса ёшдагиларга “ўзини ўзи яккалаш” ҳаёт тарзига амал қилиш тавсия этилади. Мақсадсиз кўчага чиқманг. Уйда қолинг!

 

Д.Мусинов,

Пайариқ туман ҳокими

23.05.2020

2015-2020 © Пайариқ туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM