ҚЎШНИЧИЛИК ОДОБЛАРИ

Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим
          Муқаддас ислом дини инсонларни ўзаро бир бирлари билан дўстликда, ҳамжиҳатликда, меҳр-оқибатда яшашга тарғиб қилади. Бу билан жамият аъзолари ўртасида аҳиллик, дўстлик, ҳурмат-иззат каби ахлоқий фазилатлар камол топиб, жамият тараққиёти ва равнақига жуда катта ижобий таъсир кўрсатади.

Шунингдек, жамиятда маънавий-аҳлоқий муҳит барқарорлиги таъминланади. Шундай алоқалардан бири– қўшничилик алоқаларидир. Аллоҳ таоло ўзининг каломи бўлган Қуръони каримда бундай деб марҳамат қилади: “Аллоҳга ибодат қилингиз ва унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшнию бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди”,(Нисо, 36). 
          Пайғамбаримиз (с.а.в) ўзларининг муборак ҳадисларининг бирида: “Нафсим измида бўлган Зотга қасамки, банда мусулмон бўлмайди ҳатто инсонлар унинг қалбидан, тилидан ва қўлидан саломат бўлмагунларича. Банда мўмин бўлмайди ҳаттоки ён қўшниси унинг ёмонликларидан омонда бўлмагунича”,- дедилар. Шунда саҳобийлар эй, Аллоҳнинг расули “ёмонликлари деганда нимани тушунамиз”, деб сўрадилар. Пайғамбаримиз (с.а.в) “ёмонликлари бу–– қўпол, дағал муомаласи ва зулму зўравонлиги”,- деб жавоб бердилар. Бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в) “Қўшнининг қўшни олдидаги ҳурмати ўз онасининг ҳурмати кабидир”, деб марҳамат қилганлар.
         Юқорида мисол қилиб келтирилган оят ва ҳадислардан маълум бўладики, кишининг ўз яқинлари яъни ота-онаси, қавм-қариндошлари, қўни-қўшнилари билан гўзал муомалада умргузаронлик қилиши Аллоҳнинг наздида энг улуғ савобли амаллардан экан.
         Ҳасан Басрий (р.а)дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в)дан қўшнинг ҳақлари ҳақида сўралганда ул зот: “Қарз сўраса бериб турасиз, агар сизни чақирса чақириғига жавоб бериб,борасиз, бемор бўлса ҳолидан хабар оласиз, ёрдам сўраса ёрдам берасиз, мусибат етса таъзия изҳор қиласиз, бирор хурсандчилик етса муборакбод этасиз, вафот этса у тўғрида гувоҳлик берасиз, агар бирор ерга кетса келгунига қадар оиласидан, бола-чақасидан хабар олиб турасиз, ҳовлингизда қозонда гўшт қовуриб унга озор бермайсиз, шундай қилган тақдирингизда унга ҳам таомингиздан улашасиз”. Бошқа бир ривоятда “иморатингизни томини унинг томидан баланд қилмайсиз, магар, розилик берса баланд қилишингиз мумкин”,- дедилар.
       Ҳазрат Абу Ҳурайра (р.а)дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар (с.а.в) “Эй, Абу Ҳурайра тақводор бўлинг инсонларнинг обидроғи бўласиз, қаноатли бўлинг инсонларнинг шукр қилувчироғи бўласиз, ўзингизга яхши кўрганингизни бошқа инсонларга ҳам яхши кўринг мўминлардан бўласиз, қўшниларингиз билан гўзал муомалада бўлинг мусулмон бўласиз, ҳуда беҳуда қулаверманг кўп кулгу қалбни ўлдиради”,- дедилар.
       Ҳикматларда келтирилишича бир киши вафот этса, учта қўшниси ундан рози бўлса Аллоҳ таоло уни мағфират қилади. Бир ривоятда бир киши Пайғамбаримиз (с.а.в) олдиларига қўшнисидан шикоят қилиб келади. Пайғамбаримиз (с.а.в) унга: “Унга озор беришдан тийилинг, унинг сизга берган озорларига сабр қилинг. Ажралмоқчи бўлсангиз ўлимнинг ўзи кифоя қилади”, дедилар. Ҳасан Басрий (р.а) айтадилар: “Қўшнига озор бермаслик гўзал қўшничилик эмас, ҳақиқий қўшничилик қўшнидан келаётган озорларга сабр қилишдир”.
       Халқимизда “меҳр кўзда” деган нақл бор. Яъни киши ўз яқинлари билан тез-тез учрашиб, ҳол аҳвол сўраб турса, дарду қувончларига шерик бўлса, атрофидаги инсонлардан ёрдамини аямаса ва муносабатлар ҳеч бир ғаразсиз фақат Аллоҳ розилиги учун самимий бўлса, албатта, жамиятдаги барча инсонлар бир бирларига нисбатан меҳр оқибатли бўладилар. Бундай фазилатли одобу ахлоқ айнан ўзбек халқига хос бўлган хислатлардандир. Биз бу қадриятларимизни асраб авайлашимиз керак. Бугун замон шиддат билан ўзгаряпти. Ҳаёт суръатлари кундан кунга тезлашиб бормоқда. Дунё ахборот майдонида ғоялар кураши авж олмоқда. Четдан туриб бизнинг миллий маънавиятимизни обрўсизлантиришга бўлган ҳатти-ҳаракатлар, жумладан, миллий ва диний қадриятларимиз илдизларига болта уришга уринишлар авж олмоқда. Бундай ҳаракатлар индивидуализм ва ахлоқсизлик ғояларни тарқатиш билан ё бўлмаса бачкана кўринишдаги ахлоқсизликни юксак маданият деб тарғиб қилиш ҳолатлари ва бунинг замирида асл маданият ва маърифатга, неча минг йиллардан буён ривожланиб, халқнинг бирлигини, бирдамлигини, маънавиятини, юксак қадриятларини ифодалаб келган бой маънавий меросимизни обрўсизлантиришга, унга путр етказишга қаратилгани бугунги кунда ҳар бир ақли расо одамни ташвишлантирмай қўймайди. Мана шундай шароитда миллий ва диний қадриятларимизни мазмун моҳиятини теран англашимиз ва уларни асраб авайлашимиз, фарзандларимизни сарани пучагидан ажратадиган яъни аслни сохтадан ажрата оладиган даражада тарбия қилишимиз ниҳоятда муҳим аҳамият касб этади.

 

Пайариқ тумани бош имом хатиби
Мансуржон Абдухолиқов.

2015-2024 © Пайариқ туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM