Республикамизда аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш бизга нима беради?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5-февралдаги “Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-5655-сон Фармонига асосан Мустақиллик йилларида илк маротаба аҳолини рўйхатга олиш ўтказилади.

Ҳар қандай давлатнинг тарихи – бу, биринчи навбатда, унда яшайдиган халқнинг тарихи, аҳолисининг сони ва таркиби, унинг иқтисодий ва ижтимоий тавсифларида ўз ифодасини топади. Аҳоли сони бўйича аниқ ва яхлит маълумотлар аҳолини рўйхатга олиш асосида олинади.

Аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш бизга нима беради?

1. Маълум бир санада аҳолининг аниқ сони (ёши ва жинси таркиби, фуқаролиги, миллий таркиби (кенг қамровли), барча аҳоли пунктлари бўйича сони, оилавий аҳволи, маълумот даражаси, уй-жой билан таъминланганлик даражаси, меҳнат ресурслари, иқтисодий фаол аҳоли, аҳоли бандлиги (касби ва мутахассислиги) ва ишсизлиги, даромад олиш манбалари, ногиронлиги бўйича батафсил маълумот олинади.

2. Аҳоли жон бошига макроиқтисодий кўрсаткичларни ҳисоблашда (ялпи ички маҳсулот, аҳоли даромадлари, саноат маҳсулоти ҳажми, истеъмол маҳсулотлари ҳажми, аҳолига кўрсатиладиган хизматлар ҳажми, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари) ишлатилади.

3. Аҳоли миграцияси тўғрисидаги маълумотлар шакллантирилади.

4. Республика ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлиги, аёллар ва болалар саломатлигини яхшилаш ва оилаларга ёрдам кўрсатиш бўйича дастурларни манзилли ишлаб чиқишда ахборот сифатида фойдаланилади.

5. Статистика идоралари томонидан ташкил этиладиган танлама кузатувларни ташкил этишда маълумотлар базаси сифатида қўлланилади.

6. Миллий барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш кўрсаткичларини шакллантириш ва мониторингини юритишда хизмат қилади.

7. Аҳоли пунктларининг инфратузулмасини яхшилашда, меҳнат ресурсларидан фойдаланиш ва жойлаштириш бўйича қисқа, ўрта ва узоқ муддатли прогнозлар, дастурларни ишлаб чиқишда фойдаланилади.

8. Халқаро ташкилотлар ва фойдаланувчилар томонидан амалга ошириладиган таҳлиллар учун кенг қамровли ахборотлар манбаи ҳисобланади.  

Бундай маълумотлар ижтимоий-иқтисодий жараёнларни прогноз қилиш, бандлик соҳасидаги сиёсатни белгилаш, ижтимоий сиёсат ва аҳоли саломатлиги бўйича дастурларни яратишда, шунингдек давлат ҳокимияти органларининг вазифаларини бажариши, фан ва жамиятни ахборот билан таъминлаш учун зарурдир.

 

Ш.Яхяев,

Пайариқ туман статистика бўлими бош мутахассиси

2015-2024 © Пайариқ туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM