ИЖРО ИШИ ТАМОМЛАНДИ

Фуқаролик ишлари бўйича Иштихон туман судининг қарори билан фуқаро Ойбек Қувондиқовдан ундирувчи Нилуфар Мустафоеванинг бир нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун тўртдан бир қисми миқдорида  алимент ундириш бориш белгиланган.

Бу ҳолат бўйича Мажбурий ижро бюроси Пайариқ бўлими томонидан ижро иши юритилган. Шу вақтга қадар фуқаро О.Қувондиқов анчадан бери алимент тўловларини тўламасдан келаётган эди.

Бугунги оғир шароитда муқим даромади бўлмаган, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини  қўллаб-қувватлаш нақадар муҳим эканлигини инобатга олган ҳолда  Бюронинг Пайариқ бўлими ходимлари томонидан тушунтириш ва профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шу жумладан, қарздор О.Қувондиқов билан ҳам атрофлича суҳбат ва тушунтириш ишлари ўтказилиб, бугунги синов кунларида фарзандларини моддий қўллаб-қувватлаш ҳар бир отанинг бурчи экани ётиғи билан тушунтирилди.

Бундай маслаҳат ва суҳбатдан ўзига тўғри хулоса чиқарган қарздор ота шу куни фарзанди таъминотини ўйлаб, то у вояга етгунича ҳисоб-китоб қилиниб,  22 миллион 729 минг сўм пулни тўлаб берди ва мазкур ижро иши тамомланди.

Мажбурий ижро бюроси Пайариқ туман бўлими.

2015-2024 © Пайариқ туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM