Халқ депутатлари Пайариқ туман Кенгашининг ўн саккизинчи сессияси ўтказилди

Жорий йилнинг 16 октябр куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев раислигида “Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг 2020 йил 17 октябрдаги 01-22/1705-сонли топшириқ хати ижросини таъминлаш мақсадида график-жадвалга асосан халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари сессияларини ўтказиш белгиланган.

Ушбу сессияларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ҳам иштирок этиши кўзда тутилган бўлиб, халқ депутатлари туман Кенгашининг бугунги, ўн саккизинчи сессиясида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг Мудофа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси  Боқиев Фарход Эсанович иштирок этди.

Сессияни Пайариқ туман ҳокими, туман Кенгаши раиси Д.Мусинов олиб борди. Сессияда депутатлар, туман ҳокимининг ўринбосарлари, туман ҳокимлиги аппарат ходимлари, туман ташкилотлари раҳбарлари, ОАВ, журналист ва блогерлар иштирок этди. Унда кун тартибидаги қуйидаги масалалар кўриб чиқилди.

1. Туманда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш тўғрисида туман ҳокими Д.Мусиновнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш бўйича жорий йилда бир қатор ишлар амалга оширилган ишлар бўйича ҳисоботи тингланди.

2. Сессия кун тартибида  “Фахрий мураббий” ордени билан мукофотлашга берилаётган номзодларни кўриб чиқиш тўғрисида “Фахрий мураббий” ордени билан мукофотлашга номзодларни танлаб олиш бўйича туман танлов комиссияси котиби М.Обулфайзиевнинг ҳисоботи эшитилди. Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 9 июньдаги ЎРҚ-622-сонли конуни билан “Фахрий мураббий” ордени таъсис этилиб, “Фахрий мураббий” ордени тўғрисидаги тасдиқланган Низомга асосан ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, уларни ёт ғоялардан асраш, адашганларни тўғри йўлга қайтариш, ёш авлод вакилларида фаол фуқаролик позицияси ва мафкуравий иммунитетни, ташаббускорлик, фидойилик ва ахлоқий фазилатларни шакллантиришга муносиб ҳисса қўшган, шунингдек ўзининг чуқур билими ва бой ҳаётий тажрибаси билан ёрдамга муҳтож ҳамда оғир аҳволга тушиб қолган ёшлар ва оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, иш билан таъминлаш ҳамда тадбиркорликка ўргатиш, бунинг учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасида барчага шахсий намуна кўрсатиб келаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари мукофотланади.

“Фахрий мураббий” ордени билан мукофотланган шахслар базавий ҳисоблаш миқдорининг қирқ баравари миқдоридаги бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланадиган имтиёзлардан фойдаланади.

“Фахрий мураббий” ордени билан мукофотлашга номзодларни танлаб олиш бўйича туман танлов комиссиясига комиссия аъзолари томонидан қуйидаги 5 нафар номзодлар тавсия этилган. Улар;

Хасанов Турғунбой - “Пайариқ ҳаёти” газетаси мухбири;

Мўминов Шавкат - Сиёб тиббиёт коллежи ўқитувчиси;

Болтаев Исмоил - Пайариқ тумани 82-умумтаълим мактаби директори;

Зиятова Дилфуза - “Челак дехқон бозори” МЧЖ директори.

Муротдинов Олишбой – Пайариқ туман Мудофаа ишлари бўлими бўлинма бошлиғи ёрдамчиси.

Тақдим этилган номзодларнинг олиб бораётган ишлари Қонунда белгиланган 17 та мезон талаблари асосида ўрганиб чиқилиб, номзод Исмоил Болтаевнинг олиб бораётган ишлари мезон талабларига мувофиқлиги ҳамда ёшлар билан олиб борган ишлари учун туман танлов комиссияси томонидан муносиб деб топилган ушбу номзод депутатларнинг қизғин муҳокамасидан сўнг бир овоздан тасдиқланди.

2015-2024 © Пайариқ туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM