Ер участкасига бўлган ҳуқуқ қандай тартибда тугатилади?

Янги тартибга кўра, бу иш айрим ҳолларда тегишли ҳокимлик ёки Ҳукумат қарори асосида амалга оширилади. Баъзи ҳолларда суд қарорисиз бу ишга рухсат берилмайди.

Мазкур қоидалар белгиланган “Мулкдорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун 2020 йил 23 декабрдан кучга кирган.

Ушбу қонун билан бир қатор қонун ҳужжатларига, хусусан Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексига ҳам ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, ер участкасига эгалик қилиш ҳуқуқини ёки ер участкасидан доимий ёхуд вақтинча фойдаланиш ҳуқуқини тугатиш қуйидаги ҳолларда тегишинча туманлар, шаҳарлар, вилоятлар ҳокимларининг қарорлари ёки Вазирлар Ваҳкамасининг қарори билан амалга оширилади:

- ер участкасидан ихтиёрий воз кечилганда;

- ер участкаси берилган муддат тугаганда;

- юридик шахс тугатилганда;

- хизматда фойдаланиш учун чек ер бериб қўйишга асос бўлган меҳнатга оид муносабатлар бекор бўлганда.

Қарор ердан фойдаланиш ҳамда уни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга оширувчи орган тақдимномаси ҳамда ҳуқуқлар тугатилишининг асосли эканлигини тасдиқловчи ҳужжатлар асосида қабул қилинади.

Қуйидаги ҳолларда эса суд томонидан амалга оширилади:

- ер участкасидан белгиланганидан бошқа мақсадларда фойдаланилганида;

- ер участкасидан оқилона фойдаланилмаганда, бу қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун ҳосилдорлик даражаси уч йил мобайнида нормативдан (кадастр баҳосига кўра) паст бўлишида ифодаланганда;

- ер участкасидан тупроқ унумдорлиги пасайишига, унинг кимёвий ва радиоактив моддалар билан ифлосланишига, экологик вазиятнинг ёмонлашувига олиб келадиган усуллар билан фойдаланилган тақдирда;

- қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда ер солиғи, шунингдек ижарага олиш шартномасида белгиланган муддатларда ижара ҳақи мунтазам тўланмай келинганда;

- қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун берилган ер участкасидан бир йил мобайнида ва қишлоқ хўжалиги соҳасига тааллуқли бўлмаган эҳтиёжлар учун берилган ер участкасидан икки йил мобайнида фойдаланилмаганида;

- мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи ордер кимошди савдоси асосида сотиб олинганидан кейин ер участкасидан икки йил мобайнида фойдаланилмаганида, ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи гаровда бўлган тақдирда эса — гаров шартномаси муддати мобайнида фойдаланилмаганида.

         Фойдаланилмаётган ер участкалари уларнинг аввалги эгалари тўлаган қиймат ушбу эгаларга компенсация қилинган ҳолда олиб қўйилади.

Қуйидаги ҳолда ер участкасига эгалик қилиш, ер участкасидан доимий ёхуд вақтинча фойдаланиш ҳуқуқини тугатиш туманлар ҳокимларининг қарорлари билан амалга оширилади:

- фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари туман кенгашлари раёсатининг қарорига мувофиқ фермер ёки деҳқон хўжалигининг Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига аъзолиги тугатилганда тугатиш тегишли туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашларининг таклифига кўра.Бунда туман ҳокимининг қарори учун Кенгаш томонидан ҳуқуқлар тугатилишининг асосли эканлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилиши керак.

Юридик ва жисмоний шахслар ер участкаларига эгалик килиш ҳуқуқини, ер участкаларидан доимий ёки вақтинча фойдаланиш ҳуқуқини тугатиш ҳақидаги Вазирлар Маҳкамасининг ҳамда кўрсатилган мансабдор шахсларнинг қарорларидан норози бўлган тақдирда, ушбу қарорлар устидан судга шикоят қилиши мумкин.

Бундан ташқари, ер тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилган ҳолларда ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга оширувчи орган ер эгасини ёки ердан фойдаланувчини олдиндан огоҳлантирганидан кейин ер участкасини берган органга ер участкасини олиб қўйиш ҳақида тақдимнома киритиши;

ер участкасини берган орган тақдимнома асосида бир ойлик муддатда уни олиб қўйиш ҳақида судга даъво ариза киритиши;

ер участкасини берган орган, зарур ҳолларда, ер участкасининг ҳолатини ҳамда ер эгаси ёки ердан фойдаланувчи томонидан ерлардан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг сифатини қўшимча равишда текширишни тайинлашга ҳақли эканлиги белгиланди.

 

Баходир ҚАРШИЕВ,

вилоят ҳокимлиги Юридик хизмат

бош юрисконсульти

2015-2024 © Пайариқ туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM