ЎҚИШ ҲАМ, ЎҚИТИШ ҲАМ БОШҚАЧА

Тунов куни 31-мактабда бўлдик. Очиғи, бу билим масканидаги ўқувчиларга яратилган шароитдан ғурурланиб кетасан. Иқтидорли ўқувчи, энг кўп китобхон дейсизми, туман, вилоят чемпиони дейсизми барча-барчаси ушбу масканда мужассам. Бундай ўқувчилар билан суҳбатлашишнинг,  иқтидори-истеъдоди билан танишишнинг завқи бошқача.

Мактабни кўп йиллар ўқувчиларга сабоқ бериб келаётган Дилором Суюнова бошқаради. Таътилда бўлганлиги сабабли у киши билан суҳбатлашолмадик. Лекин таълим масканининг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Бердибек Мавлонов,  маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Беҳзод Исақуловлар билан бўлган суҳбатимиз ҳам таълим ривожи хусусида бўлди.
- Мактабимизда ўқувчиларнинг етарли билим олишлари учун барча шароитлар яратилган,- дейди директор ўринбосари Бекзод Исақулов. - Ҳозирда 130 нафар  ўқувчимиз давлат дастури асосидаги фанлар бўйича ўз билимларини мустаҳкамлаб боришаяпти. Ҳар бир хона фанларга қараб жиҳозланган. Бу ўқувчиларимизнинг билимини оширишда алоҳида рол ўйнайди.
Очиғини айтишим керак, ўқувчига билим берадиган ўқитувчи ҳар тамонлама билимли ва кучли бўлиши керак. Мактабимизда ана шундай ўқитувчилар бор деб бемалол айтиш мумкин. Масалан, Зайнаб Нодирова, Рухсат Давлатова, Лола Давлатова, Ўктам Файзиев, Зохид Ҳамзаев каби ўқитувчиларимиздан  нафақат ўқувчилар балки ота-оналар ҳам миннатдор бўлишмоқда. Бу ўқитувчиларимиз тиним билишмайди. Мактабга келдими, ўқувчига бирон нарса ўргатсам дейди. Ўзлаштириши суст бўлган ўқувчилар билан керак бўлса, алоҳида ишлаяпти. Бундан ташқари, ҳар бир мавзу тугагандан сўнг шунга оид тестлар олинади.  Бу ҳам ўқувчиларни олган билимларини синовдан ўтказишда асқотаяпти.
-   Спортчи боладан ёмонлик чиқмайди,-дейди мактабнинг жисмоний тарбия фани ўқитувчиси Махсуд Ёрқулов. - Буни бекорга айтмаяпман. Чунки спортда яхши иштирок этган ўқувчи фанларни ҳам яхши ўзлаштиради. Буни мактабимиз мисолида ҳам айтишим мумкин. Мехрож Лапасовни олайлик,  у карате бўйича бир неча карра туман ва вилоят чемпиони ҳисобланади.  У бу муваффақият билан чегараланиб қолгани йўқ. Ҳозирда галдаги мусобақаларга тайёргарлик кўрмоқда. Ҳозир унинг бу муваффақиятини кўрган бошқа ўқувчилар ҳам спорт билан шуғулланишга киришиб кетган.
Шунингдек, бу масканда китобхонликка алоҳида эътибор қаратилган. Мактабда китобхонлик бўйича тез-тез кўрик-танловлар ташкил этилиб борилаяпти. Ана шуларнинг самараси бўлса керак, мактаб ўқувчиларининг фанларни яхши ўзлаштиришида асқотаяпти.
Мақтаяпти деманг бу мактабни. Мабода йўлингиз шу томонларга тушиб қолса, албатта бу билим масканига киринг. Олис ҳудудда соғлом муҳит, чемпионлар, истеъдодлар борлигига сиз ҳам гувоҳ бўласиз.

Ҳусниддин ХОЛДОРОВ,
Ширинбой МАМАДАЛИЕВ.

2015-2024 © Пайариқ туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM