Пайариқ туман ҳокимининг 8-март муносабати билан табрик сўзи.

Пайариқ туман  ҳокими  Д.С.Мусиновнинг 8-март Халқаро хотин-қизлар куни  муносабати билан ўтказиладиган тадбиридаги

ТАБРИК СЎЗИ

          

 Ассалому алайкум, муҳтарама онахонлар!

Қадрли опа-сингиллар, лобар қизлар!

Айни шу кунларда Яратганнинг буюк мўъжизаси бўлмиш Сиз, муҳтарама аёлларнинг шаънига юрак-юрагимизда, қалбимиз тўрида бўлган энг самимий, энг олижаноб сўзларни, ҳурмат ва эҳтиром, севги ва садоқат туйғуларини изҳор этиш учун имконият туғилади.

Юртимизда хотин-қизларнинг сиёсий ва ҳуқуқий савияси, ижтимоий фаоллиги тобора юксалиб бораётганини ҳаётимизнинг барча соҳа ва тармоқларида яққол кузатиш мумкин.

Бугунги кунда Олий Мажлис Сенати аъзоларининг 17 фоизини, Қонунчилик палатаси депутатларининг 16 фоизини аёллар ташкил этади.

Халқ депутатлари  туман Кенгашида 8 нафари опа-сингилларимиз фаол иш олиб бормоқдалар.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан эълон қилинган “Оила”, “Аёллар”, “Соғлом авлод”, “Она ва бола”, “Обод маҳалла”, “Сиҳат-саломатлик”, “Баркамол авлод”, “Мустаҳкам оила”, “Соғлом бола” ва “Соғлом она ва бола” йиллари муносабати билан қабул қилинган Давлат дастурлари, шунинг билан бирга, кўплаб фармон ва қарорлар замирида аёлларга бўлган юксак ҳурмат-эътибор ва ғамхўрлик турипди.

         Ўзининг латофати ва нафосати, вафо ва садоқати, қалб саховати билан оилани оила қиладиган, хонадонларимиз бекаси ва чароғбони бўлмиш сиз, мунис аёлларимизга ҳар қанча тасаннолар айтсак, сизларни ҳар қанча эъзозласак, арзийди, албатта.

         Қадрли опа-сингиллар!

Муҳтарама  онахонлар!

         Бугунги кунда юртимизда меҳнатга лаёқатли бўлган хотин-қизларимизнинг анчагина қисми  иқтисодиётимизнинг турли тармоқларида, ишлаб чиқариш ва бошқарув соҳасида фаол меҳнат қилмоқда.

         Тан олиш керакки, аёллар бандлиги ҳақида сўз юритганда, биз одатда хотин-қизларнинг меҳнати, асосан, таълим соҳасида, аввало, боғча ва мактабларда, шунингдек, соғлиқни сақлаш тизимида, енгил ва озиқ-овқат саноати, қайта ишлаш тармоқлари каби анъанавий йўналишларда, маданият ва санъат соҳасида кўпроқ  меҳнат қилишмоқда.

         Мана шундай мураккаб, керак бўлса, эркаклар ҳам кўтаролмайдиган оғир вазифаларни ўзининг нозик елкасида кўтариб келаётган, нолимасдан, доимо шукроналик билан яшайдиган аёллар билан барчамиз ҳақли равишда фахрланишимиз, улардан ўрнак олишимиз лозим.

         Қадрли опа-сингиллар!

        

Жамият тинч, тинчлик барқарор бўлиши учун яхши тарбияланган фарзандлар керак. Уларни вояга етказиш, жамиятга баркамол авлод тарбиялаб бериш эса сиз муҳтарама оналар зиммасидадир. Дунёда бу ишларга фақат сизгина қодирсиз. Шу ўринда “Аёл бор жойда меҳр-муҳаббат бўлади” деган ҳикматли гап бекорга келиб чиқмаганлигига амин бўламиз.

        Мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида сиз муҳтарама аёлларнинг барча соҳалардаги тутган мавқеини ошириш, уларни оилада ҳам, одамлар орасида ҳам ўзларини янада бахтли ҳис этишлари учун барча шароитлар яратилмоқда.  Бугун хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилгани хеч кимга сир эмас. Туманимизда ҳам ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий соҳаларда раҳбарликни аъло даражада уддалаб, ҳар соҳада олдинги сафга чиқиб бораётган, сайловларда эл ишончига кириб депутат этиб сайланаётган хотин-қизларимиз сони анчагинадир. Бугун фахр билан айта оламизки, хотин-қизларимиз биз эркаклар билан  бирдай меҳнат қилмоқдалар.

Ёшларни ҳаётга тайёрлаш, уларни болаликдан бошлаб замонавий билим ва касб-ҳунарларга, маданият ва спортга ошно этиш, урф-одат ва маросимларни давр талаблари билан уйғунлаштириш каби муҳим вазифаларни амалга оширишда сиз, муҳтарама аёлларимизга, сизларнинг ақл-заковатингиз, жонкуярлик фазилатларингизга таянамиз.

      Азиз ва қадрли опа-сингиллар!

         Сизларни баҳор элчиси бўлган, ўзингиздек гўзал ва дилбар байрамингиз билан табриклайман.

Барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга файзу барака тилайман.

          Эътиборларингиз учун рахмат!

2015-2024 © Пайариқ туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM