Ассалому алайкум азиз ва муҳтарам дўстлар!
Қадрли тумандошлар!
Аввало, барчангизни уйғониш ва яшариш, покланиш ва янгиланиш айёми Наврўзи олам муносабати билан чин қалбимдан қутлайман ва муборакбод этаман. Она юртимизга фасллар келинчаги баҳор ташриф буюрди. Бутун табиат гўзалликка бурканмоқда. Атроф-муҳитнинг бетакрор тароватидан кўзингиз қувнайди. Нафосат фасли одамлар қалбида ҳам соф ва ҳузурбахш туйғуларни уйғотиб, яшаш ва яратишга руҳлантирмоқда.
Халқимизда “Тинч юртга байрамлар, тўйлар ярашади” деган теран мазмун-моҳиятга эга ҳикматли ибора бор. Яратганга беадад шукроналар бўлсинки, муҳтарам Юртбошимизнинг доно, оқилона сиёсати туфайли халқимиз тинч, осойишта, фаровон ҳаёт кечирмоқда. Орзу ниятларига етишиш учун юрт истиқболи йўлида фидокорона меҳнат қилмоқда. Мафтункор баҳор фасли ажойиб байрамлари билан ҳам ажралиб туради. Айниқса, шарқона янги йилнинг бошланиши, энг қадимий удумимиз–Наврўзи олам ўзига хос беқиёс жиҳатларига эга. Наврўз тинчлик, тотувлик, бағрикенглик, қут-барака тимсоли, меҳр-муҳаббат айёмидир. Асл миллий байрамимизда халқимизнинг қадимий урф одатлари, анъаналари, умрбоқий қадриятлари ўз ифодасини топган.
Бугун фидойи деҳқон ва фермерларимиз катта орзу-умид билан янги мавсумни бошламоқдалар. Барчамиз уларни чин дилдан табриклаб, йилимиз қутлуғ келсин, ҳосилимиз мўл бўлсин, деб энг эзгу тилакларимизни билдирамиз. Байрам арафасида бутун юртимиз бўйлаб ўтказиладиган ҳашарлар, шанбаликлар ва бошқа хайрли тадбирлардан ёшу қари ҳеч ким четда қолмаяпти.
Қолаверса, бугун мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз бошчилигида аҳоли томорқаларидан кенгроқ фойдаланиш, ҳосилдорликни ошириш борасидаги тарғибот тадбирлари ҳам барчамизни баҳорнинг кунларини бекор ўтказмасликка чорлаб турибди.
Шунингдек, тумандаги маҳалла ва қишлоқларимизда Наврўзолди хайрия ҳашарлари, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларини ташкил этиш жараёнида ёшларга она заминга, табиатга меҳр туйғуларини камол топтириш, экологик маданиятни шакллантириш мақсадлари ҳам назардан четда қолмади. Наврўз удумига, урф-одатга айланиб кетган бу каби тадбирлар ёш авлод қалбида эзгуликка, яратувчанликка ошнолик ҳиссини ривожлантиради.
Азиз дўстлар!
Неча минг йиллар давомида азалий қадриятларимизни ўзида мужассам этиб, аждодларимиздан бизга мерос бўлиб келаётган Наврўзнинг ўрни ва моҳияти ошиб бормоқда. Халқимиз учун табиат уйғониши, шарқона янги йилнинг бошланиши, асл миллий, энг ардоқли байрам бўлмиш Наврўз айёмини юртимизнинг барча ҳудуд ва минтақаларида ҳар томонлама чуқур тайёргарлик билан кутиб олиш ва нишонлаш эзгу, бир сўз билан айтганда, табиий анъанага айланиб қолди. Умумхалқ байрами тарихининг уч минг йилликлар билан боғланиши Шарқ халқлари дунё тамаддунида катта ўрин ва мавқега эга эканлигидан нишона сифатида ҳар биримизнинг қалбимизда фахр-ифтихор туйғуларини уйғотади.
Юртдошларимиз яшариш ва покланиш айёмини интизорлик билан қарши олишади. Чунки баҳор дашту чўллар, қирлару тоғларга ажиб тароват бахш этади. Наврўз билан боғлиқ урф-одатлар, умрбоқий анъаналар замирида меҳр-мурувват, ўзаро ҳурмат-эътибор, оқибатли бўлиш сингари инсоний фазилатлар қоришиб кетган. Қутлуғ байрам кунлари беморлар, кексалар, ногиронлар, ёлғизлар ҳолидан хабар олиш, меҳр-мурувват кўрсатиш, кўча, ҳовли ва хиёбонларни тозалаш, ободонлаштириш, бунёдкорлик ишларини амалга ошириш Наврўзи оламнинг ҳаётимизда ва фарзандларимиз тарбиясида тутган аҳамиятини янада оширади.
Қадрли тумандошлар!
Муҳтарам Президентимизнинг январ ойида амалга оширган ташрифи давомида вилоятни ҳар томонлама ривожлантириш, ижтимоий объектлар қуриш ва барча топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни бугунги кун талабига мувофиқ изчил давом эттириш, саноат ва ишлаб чиқариш корхоналарига чет эл сармояларни олиб киришни янада кенгайтириш, қурилиш ва бунёдкорлик борасида замонавий уй-жойлар, савдо ва маиший хизмат нуқталари, йўлларни таъмирлаш, аҳолини ичимлик суви ва электр энергиясига бўлган эҳтиёжини янада қондириш юзасидан режаларимизни белгиладик.
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган сиёсатни туманимиз халқи билан бамаслаҳат амалга оширишимиз лозим. Бу борада тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг самарали фаолият кўрсатишлари учун барча ғов ва бюракратик тўсиқларни олиб ташлаш, пировард натижада эса янги иш ўринлари яратиб у ерда ёшларни жойлаштиришни ўзимизга мақсад қилиб қўйганмиз. Бундан ташқари туманимизда аҳоли хонадонларидаги ҳар қарич ер унумли фойдаланишни йўлга қўйишимиз зарур. Шу йўл билан оддий фуқаролар ўзларининг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишлари мумкин. Бу борада тижорат банклар томонидан имтиёзли кредитлар ажратиш йўлга қўйилди.
Фурсатдан фойдаланиб, туманимиз халқини, яни сиз азизларни шарқона янги йил - Наврўзи олам байрами билан чин дилдан табриклайман. мана шу қутлуғ кунда сиз азизларга, сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, оилаларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман. Байрам муборак бўлсин азиз тумандошлар!
ЭЪТИБОРЛАРИНГИЗ УЧУН РАҲМАТ!