Бойзоқовнинг фидокорона хизматлари нимада?

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Пайариқ тумани кенгаши раисининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича ўринбосари Сайдулла Бойзоқов ўтган йили Ватанимиз мустақиллигининг 28 йиллиги арафасида “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан мукофотланди.

Сайдулла ака билан илк бор “Маҳалла” жамғармаси Пайариқ туман бўлими раиси вазифасида ишлаб юрганида суҳбатлашганман. Тумандаги маҳаллалар ишини такомиллаштириш, маҳаллани шу ҳудуд аҳолисининг энг яқин маслаҳатчиси, кўмакчисига айлантириш борасидаги кўп ташаббусларини эшитганман, бунга гувоҳ ҳам бўлганман. Вилоят ва туман миқёсидаги тадбирларда доим фаол фахрийлар қаторида бўлиши, айниқса, ёшлар таълим-тарбияси билан боғлиқ масалаларга жиддий эътибор қаратиши туфайли отахоннинг бу борадаги фидокорона хизматлари эътироф этилибди-да, деб ўйлаган эдим. Яқинда у киши билан яна учрашиб, суҳбатлашганимиздан кейин бу ўйим бироз торроқ бўлганини англадим.

Болалигимиз “пошшолик” бўлмаган

– Болалигимиз Иккинчи жаҳон уруши йилларига тўғри келгани учун ҳаётнинг кўп синовлари, қийинчиликларини бошимиздан кечирганмиз, – деди Сайдулла Бойзоқов. – Ота-онамизга биз – беш фарзандни едириб-ичириш, кийинтириш осон бўлмаган. Буни билганимиз учун ҳам ҳозирги болалардек ҳар хил ҳою-ҳавасга берилмаганмиз, борига қаноат, йўғига сабр қилиб юраверганмиз. Қишлоғимиз – Бўзқийрадаги бошланғич мактабга қатнаганимизда ака-укаларим билан бирга битта китоб-дафтар халтасидан фойдаланганмиз. Ҳатто оёқ кийим ҳам битта бўлгани учун тушликкача акам, куннинг иккинчи ярмида мен кийганман. Ҳозирги болаларга бу ҳақда гапирсангиз ишонмайди. Ёки акангнинг эски кийимини кийиб тур десангиз, қовоқ-тумшуқ қилиб олади. Кейин қишлоғимиздан беш-олти километр узоқ бўлган туман марказидаги мактабга келиб ўқиганмиз. Ёз пайтларида ялангоёқ юрганмиз. 1956 йилда 10-синфни битиргач, акам Самарқандга олиб борди. Ишонасизми, 17 ёшимда илк бор Самарқандни кўрдим. Бўлмаса вилоят маркази Пайариқдан жуда олисда эмас. Ўша пайтда шароит шунақа бўлган-да. Бир синфдош дўстим билан Самарқанд гидромелиорация техникумига ҳужжат топшириб, имтиҳонлардан ўтдик ва уч йил шу ерда ўқидик. 

Қоровулликдан бошланган меҳнат фаолияти

Техникумни битиргандан сўнг Сайдулла Бойзоқовга ишлаш учун Фарғонага йўлланма беришди. Ғайрати жўш уриб турган йигит дарров йўл тадоригини кўра бошлади. Пайариққа бориб, ота-онасининг дуосини олди. Аммо акаси “балки шу ерда ҳам иш топилар, туман сув хўжалиги бўлимига бир бориб кўрчи” деганидан сўнг, шу идора эшигини қоқди.
– Сув хўжалиги идорасига борсам, раҳбар йўқ экан, Даврон Эгамқулов деган бош муҳандис билан кўришдим, – деб гапида давом этади Сайдулла ака. – Тақдирни қарангки, энди меҳнат фаолиятимни бошлаётганимда шу одамни менга рўбарў қилди. Кейинчалик ҳам бу инсон менинг ҳаётимда ўзига хос ўрин тутиб, кўп маслаҳатлар берди, тўғри йўл кўрсатди. Ҳаётда ҳам, ишда ҳам устозлик қилди. Мақсадимни айтганимдан сўнг у киши “сиздай мутахассислар керак бизга, ука. Бошлиққа киринг, албатта ишга олади” деди. Кейин шу куни кечгача раҳбарни кутиб ўтирдим. Уч-тўрт соатлардан кейин бошлиқ – Елецкий деган киши келди. Олдига кириб иш сўраб келганимни айтдим. “Бизда ҳозир катта мутахассисликлар бўйича бўш иш ўрни йўқ-да. Гидропостда қоровул бўлиб ишлайсанми?” деди. Ишлайман, дедим. Ҳайрон бўлиб, яна шу саволни берди. Қатъий жавоб бердим. Шу тарзда Пойканалининг Омон гидропостига буйруқ чиқарди. Беклар деган дорғатда қоровул-назоратчи сифатида ишлай бошладим. Ўша пайтларда сув жуда танқис, ишни тартибли йўлга қўйиш мураккаб эди. Шунинг учун туну кун ишлашга тўғри келди. Зиммамга юклатилган вазифани бажариш учун ҳамма қийинчиликка чидадим.
Елецкий мени синаган эканми ёки кейин ишонч пайдо бўлдими, бир йилдан сўнг, 1960 йилда мени тумандаги хўжаликларнинг бирига гидротехник қилиб ишга жўнатди. Бу колхоз ҳам уйимиздан узоқ эди. Раис битта велосипед олиб берди ва битта хона ҳам ажратди. Шу ерда ётиб, хўжалик ерларини велосипедда айланиб келаман. Эрталаб соат бешдан тун ярмигача далама-дала юраман. Хўжаликда одамлар билан тил топишиш, сувчилару бригадирлар билан бирга ишлашни ўргандим. Муҳими, раис доим қўллаб-қувватлаб турди, ёрдам берди. Бу ерга ҳам энди мослашиб, ишни йўлга қўйиб олганимда мени туман сув хўжалиги бўлимига қайтаришди – Даврон акага ёрдамчи бўлиб ишлай бошладим. Ана шу даврда Даврон Эгамқулов менга муҳандисликни ўргатди. Сув иншоотлари қурилиши билан шуғулландик. Соҳа ишини пухта ўзлаштира бошладим.
Бу вақтда ёш мутахассиснинг ҳаракатчан ва тиниб-тинчимаслиги, ўз вазифасига виждонан ёндашиши, асосийси, ҳалоллиги туман раҳбарлари эътиборига тушган, у ҳақда катта-кичик давраларда яхши фикрлар айтила бошлаган эди. Шунинг учун уни тумандаги хўжаликлараро қурилиш корхонасига бўлим бошлиғи этиб тайинлашди. Орадан икки йил ўтиб, шу корхона раҳбари бўлди.

29 ёшли раис

1968 йилда Сайдулла Бойзоқовни тумандаги Охунбобоев жамоа хўжалиги раислигига қўйишди. Ёш йигит бу катта вазифадан ўзини йўқотиб қўймади. Раҳбарларнинг ишончини оқлаш, халқнинг меҳрини қозониш учун тиним билмай ишлади. Ўзини эмас, элни ўйлади. Мансабидан фойдаланиб, хўжаликдан нимадир олиб уйига ташимади, ўзи учун уй-жой қуришга интилмади. Ҳалол-пок ишлашга ҳаракат қилди.
– Сув хўжалиги, қурилиш ишларидан яхши хабардор бўлсам-да, деҳқончилик борасида етарли тажрибага эга эмасдим, – деб эслайди ўша йилларни Сайдулла ака. – Шунинг учун тажрибали деҳқонлар билан маслаҳатлашиб ишладим, уларнинг тажрибасини ўргандим. Колхоз идорасида деярли ўтирмасдим, доим далада бўлардим. Шийпонда бригадир ва агрономлар билан кенгашиб, вазифаларни белгилаб олардик. Кунимиз ҳам, тунимиз ҳам ўша ерларда ўтарди.
Бир куни, якшанба эди, эрталаб далаларни айлангач, бир идорага ҳам кирай деб ишхонага ўтгандим, туманнинг биринчи раҳбари Абдулла Мелиевич ҳам келиб қолди. Анча вақт суҳбатлашдик. У киши хўжалик ишлари билан қизиқди, режаларни сўради. Тушлик вақти бўлиб қолган эди. “Абдулла ака, вақтингиз бўлса, бирга чой ичсак” деб таклиф қилдим.
“Майли, бирга тушлик қиламиз, лекин қаерда?” деб сўради у киши синовчан тикилиб менга. Колхоз идораси олдида кичикроқ ошхона бор эди, ўша ердан овқат олиб келишни мўлжаллагандим. Лекин якшанба куни улар ишламас экан. Кейин йигитлар қаердандир беш-ўнта тухум олиб келишди. “Абдулла ака, ошхона бугун ишламаётган экан, тухум пиширсам бўладими?” деб сўрадим. “Бўлади, яхшилаб пиёз билан қовуринг қани” деди туманнинг биринчи раҳбари. Шу тарзда иккаламиз идорада тухум пишириб еб тушлик қилгандик.
Абдулла ака кетаётганида “хўжаликда иш қандай кетаётганидан яхши хабардорман, бундан кўнглим тўқ. Лекин мен сизнинг қандай яшаётганингиз, нима еб, нима ичаётганингизни билиш учун келгандим” деди. Кейин у киши яна кўп маслаҳатлар бериб, доим одамлар орасида бўлиш кераклигини айтди.

Раҳбарлик – юксак ишонч, масъулият, халқ меҳрига муносиб бўлиш

Сайдулла Бойзоқов меҳнат фаолияти давомида тумандаги бир қатор хўжаликларга, туман, вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаларига раҳбарлик қилган йилларида ҳам аввало билдирилган ишончни оқлашга, зиммасига юклатилган вазифаларни виждонан бажаришга интилди.
1989 йилдан бошлаб олти йил давомида Пайариқ туманини бошқарган пайтларида эса шу пайтгача орттирган тажрибаси, раҳбарлик салоҳиятини ишга солиб, туман иқтисодиётини мустаҳкамлаш, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратишга ҳаракат қилди. Бу даврда ҳудудда кўплаб ижтимоий соҳа объектлари бунёд этилди. Янги қишлоқлар ташкил этилди, йўл ва бошқа коммуникация тизимлари қурилди. Кейин Сайдулла ака кўп йиллар “Маҳалла” жамғармаси Пайариқ туман бўлимини бошқарди.
– Меҳнат фаолиятимнинг асосий қисми раҳбарлик вазифаларида ўтиб шунга амин бўлдимки, инсонни улуғлайдиган, эл ичида обрў-эътиборини юксалтирадиган хислат фақат ҳалол меҳнат, элга хизмат қилиш экан, – дейди Сайдулла Бойзоқов. – Қолган ҳаммаси – мансаб ҳам, мол-давлат ҳам ўткинчи. Қайсидир лавозимда ўтирганингизда ёки умуман, ҳеч қандай мансабсиз ҳам кимгадир яхшилик қилган, қаернидир обод этган бўлсангиз сиздан қоладигани, сиз ҳақингизда айтиладигани шу экан. Саксон ёшимда давлатимиз раҳбарининг эътибори, эътирофи туфайли “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланганим ҳам бир умрлик меҳнатларимнинг меваси бўлди, деб биламан.
Одамдан қоладиган яна бир из – яхши фарзандлар, ибратли оила экан. Яратганга шукр, менинг пешонамга ҳалол-пок инсонларнинг фарзанди бўлиш, оқила умр йўлдош билан ҳаёт кечириш, ота-она ҳамда элнинг дуосини олишни биринчи ўринга қўядиган болаларга ота бўлишни ёзган экан. Турмуш ўртоғим билан саккиз фарзандни ўстириб, жамиятга хизмат қиладиган инсонлар этиб камолга етказдик. Бугун уларнинг бахти, ҳузурини кўриб, ҳаётда беиз яшамаётганимизга шукр қиламан. 

 Ғолиб Ҳасанов.

Манбаа: zarnews.uz

2015-2024 © Пайариқ туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM