Пайариқлик қиморбозларга чора кўрилди

Одатда майда жиноятлар кишининг бирор тайинли машғулоти бўлмаганидан келиб чиқади. Айниқса, қорли-қировли кунларда уч-тўртта бекорчининг боши бирикса, ўзи учун ҳам, жамият учун ҳам зарарли бўлган ишларга қўл уради.

 

Пайариқ тумани Бобур маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Бўзғовул ва Бешхўжа қишлоқларида яшовчи Э.Тўхтаев, А.Мавлонов, Ғ.Пардаев, Р.Саидов ва У.Манноновлар ўзларига ана шундай бемаъни эрмак ўйлаб топди. Улар маҳалладаги эски масжид ҳовлисида йиғилиб, ўртага пул қўйиб қимор ўйнашни одат қилди.
Жорий йилнинг 4 февраль куни ҳам соат 19:00 ларда навбатдаги ўйин бошланди.
Муқаддас ислом динимизда қимор кишилар ўртасида адоват ва ёмонлик уруғини сочувчи иллат сифатида қаттиқ қораланади. Бундай иш қилганлар икки дунёда ҳам зарар кўрувчилар деб таърифланади. Аслида, мантиқан ўйлаганда ҳам ютқазган қиморбоз ундан маблағини ютиб олган рақибини яхши кўрмайди, уни ўзига дўст санамайди. Ўйин сўнггида чиққан жанжал ва душманликларнинг оқибати кўпинча аянчли жиноятлар билан тугайди.
Яхшиямки, бешовлоннинг ўйини охирига етмади. Пайариқ тумани ички ишлар бўлими ходимларининг эски масжид ҳовлисига кириб келиши билан қиморбозлар ўйини якунланди.
Ҳуқуқбузарларга қонунда белгиланган тартибда чора кўрилди. 
Фаррух САЛОМОВ,
Пайариқ тумани маъмурий суди раиси.

Манбаа: zarnews.uz

2015-2024 © Пайариқ туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM