insurez
23-03-2024 09:37

Хотин-қизларга яратилаётган имконият ва имтиёзлар тўғрисида


Аёлларни, муҳтарама хотин-қизларимизни ҳимоя қилиш, ҳуоматини сақлаш, уларнинг жамиятдаги, оиладаги ўрнини қадрлаш, ёш авлодни вояга етказишдаги улуғ хизматларини эътироф этиш муҳтарам Президентимиз томонидан олиб борилаётган изчил сиёсатнинг муҳим давомидир.

Бугунги фаровон ҳаётимиз ҳам, ёруғ келажагимиз ҳам аёлларга боғлиқ. Агар халқимиз биздан рози бўлишини хоҳласак, аввало, мўътабар оналаримиз, опа-сингилларимиз учун муносиб турмуш шароитлари яратишимиз керак. Она рози бўлса, оила рози бўлади, оила рози бўлса, жамият рози бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.

    Ўзбекистонда хотин-қизларнинг таълим олиши учун бир қанча имтиёзлар берилган. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги маълумотларига кўра, республикадаги жами ОТМда таҳсил олаётган талабалар миллиондан ошиқ ва хотин-қиз талабаларнинг улуши юқорироқ.

Талаба қизлар улуши юқорилигида уларга берилган имтиёзлар ҳам ёрдам бераётган бўлиши мумкин.

Хотин-қизларга ўқишга киришда қандай имтиёзлар бор?

Хотин-қизлар учун ўқишга киришдаги асосий имкониятлардан бири — эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларга ажратилувчи умумий квотанинг 4 фоизи миқдоридаги грант ҳисобланади. Унга талабгорлар ҳам тавсияномани Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасидан олади.

Тавсияномани кам таъминланган, тўлиқсиз оилада тарбияланаётган, ногиронлиги бўлган ота-онанинг фарзандлари каби бир қатор тоифаларга мансуб хотин-қизлар олиши мумкин ва улар алоҳида танлов доирасида кириш имтиҳонларида қатнашади, энг юқори балл олган 2 минг хотин-қиз тавсиянома асосида грантга ўқишга қабул қилинади.

Туманимизда 2023 йил 433 нафар хотин-қизларимиз хужжат топширди. Шундан 256 нафарига тавсия берилди, 20 нафар хотин-қизларимиз ушбу имтиёз асосида олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинди. Ҳозирги вақтда ушбу қарор асосида 30-майдан 8- июнга қадар онлайн тарзда аризалар қабули бошланган. 236 нафар хотин-қизларимиз ариза топширишди ва жараён давом этмоқда.

5 йиллик стажлилар учун Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан 5 йиллик стажга эга, олий маълумотли бўлмаган хотин-қизларга тавсияномалар берилади. Бироқ тавсияноманинг ўзи ўқишга киришни кафолатламайди. Уни олган хотин-қизлар ҳам ҳамма абитуриентлар каби имтиҳон топширади, фақат уларнинг балли алоҳида квота доирасида ҳисобланади. Энг юқори балл тўплаган 500 абитуриент эса талабаликка тўлов-контракт асосида қабул қилинади.

Туманимизда 2023 йилда мутахасислиги буйича камида 5 йил мехнат стажига эга булган хотин-кизларни давлат олий таълим муассасаларининг бакалавр таълим йуналишларига алохида параметрлар доирасида танловда иштирок этиши учун 47 нафар хотин-қизларимиз хужжат топширишди ва 46 нафар лойиқ топилиб, тавсиялар берилди. Ҳозирги кунда ушбу қарор асосида 29 нафар талабгор хотин-қизларимиз ариза топширишган ва ишчи гуруҳ аъзолари томонидан аризалар ўрганилмоқда.

 

 

Фақат қизлар учун бериладиган имтиёзлар

Зулфия мукофоти: умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори бўлган ўқувчилари ОТМлар бакалавриатига, бакалавриат талабалари бўлган лауреатлар эса магистратурага тегишли йўналиш ва ихтисослик бўйича синовларсиз қўшимча давлат гранти асосида қабул қилинади.

"Ҳамшира" кўрик-танлови: бу танлов ғолиблари давлат комиссияси қарори билан тегишли ОТМлар мос йўналишига танловдан ташқари кириш имтиҳонисиз қўшимча грант асосида қабул қилинади.

"Тўмарис издошлари" жамоавий гуруҳлари аъзолари учун имтиёз: ички ишлар органлари хотин-қизлар масалалари бўйича бўлинмалари ҳузурида шакллантириладиган бу бўлимнинг аъзолари бир йил давомида ўқиш ва иш жараёнига салбий таъсир этмаган ҳолда умумий 360 соат вақт мобайнида фаолият олиб боради.

Ва улар Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғининг тавсияномасига асосан ҳуқуқ-тартибот органларининг олий таълим муассасаларига саралашнинг барча босқичларидан муваффақиятли ўтганидан сўнг якка тартибдаги суҳбатсиз (тест синовларисиз) квота асосида ўқишга кириши мумкин.

Магистратура: магистратура босқичига кирган барча хотин-қизларнинг тўлов-контракт пули давлат томонидан қоплаб берилади. Бунинг учун улар белгиланган санадан кечиктирмай ректор номига ариза ёзишларининг ўзи етарли.

Коллеж, техникумдаги текин йўналишлар:  коллеж ва техникумларда қурилиш, транспорт, коммунал, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги касб (мутахассислик)лар бўйича ўқишга кирадиган хотин-қизлар тўлиқ грант асосида қабул қилинадиган бўлди.

Тўлов контрактда ўқиётган хотин-қизлар фоизсиз таълим кредити олади

Президентнинг ПҚ-323-сонли қарорига кўра,  тўлов-контрактда ўқиётган хотин-қизларга имтиёзли фоизсиз таълим кредити берилмоқда. Кредитлар кундузги, сиртқи ва кечки таълим шаклига берилади.

Хотин-қизларга тадбиркорликни йўлга қўйиш учун 33 миллион сўмгача кредитлар ажратилади

Президентнинг ПҚ-5020-сонли қарори билан хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси ҳисобидан 3 йилгача ва 6 ойгача имтиёзли давр билан йиллик 14 фоиз ставкада 33 миллион сўмгача кредитлар берилади. Бунинг учун улар қуйидаги дастурлардан бирини муваффақиятли тугатган бўлиши керак:

Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ва Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби маъқулланган дастурлар асосидаги ўқув курслари;"Ишга марҳамат" мономарказлари, касб-ҳунарга ўқитиш марказлари, маҳаллалардаги касб-ҳунарга ўқитиш масканлари ва Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари ёки нодавлат таълим муассасаларининг касбга ўргатиш ўқув курсларининг махсус ўқитиш дастурлари.

   Вазирлар Маҳкамасининг 145-сонлиқарори билан, "Аёллар дафтари"га киритилган ва ўзини ўзи банд қиладиган хотин-қизларга айрим турдаги фаолиятни амалга ошириш (касаначилик, ҳунармандчилик, иссиқхона қуриш ва шу кабилар учун зарурий хом ашё, эҳтиёт қисм ҳамда қурилиш молларини сотиб олиш) мақсадида 5 млн сўмгача миқдорида кредит маблағлари нақд пулда берилиши мумкин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021-йил 21-сентябрдаги “Хотин- қизлар бандлигини ошириш ва саломатлигини мустаҳкамлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-376-сонли қарори 5.3-банди билан маҳаллаларда ташкил этилган марказлар биноларини тадбиркорлик субъектларига 5 йилгача ижарага бериш ҳамда марказлар фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантиришда маҳаллаларга кўмаклашиш вазифаси белгиланган бўлиб, туманда 65 махаллаларда лойихалар асосида марказлар ташкил этилиб, 124 нафар хотин-қизлар касб ҳунарга ўқитилиб, 331 нафарининг бандлиги таъминланган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги “Ижтимоий эҳтиёжманд оила вакиллари, етим ёки ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган талаба хотин-қизларнинг олий таълим олишини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 585-сонли қарори асосида туманимиздаги 14 нафар талаба хотин-қизларга тўлов-контракт пуллари тўлаб берилди.

Хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга доир давлат сиёсатини самарали амалга оширилишини таъминлаш борасида аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Г.Исроилова,

туман ҳокими ўринбосари-Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи.

Teglar
- -