Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган ҳужжатлар

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

Меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасига ўзгартириш киритиш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 октябрдаги ПФ-5553-сон «Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида»ги Фармони ижросини таъминлаш ҳамда аҳолининг ижтимоий заиф қатламларини давлат томонидан қўллаб-қувватланишини кучайтириш, шунингдек меҳнатига кам ҳақ тўланадиган ходимлар иш ҳақи миқдорини жадал равишда оширишни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 21 июлдаги 206-сон билан тасдиқланган Меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тариф сеткасининг(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 7-сон, 57-модда) «Тариф коэффициентлари» устунидаги «2,476», «2,725», «2,998» рақамлар тегишли равишда «2,847», «2,997», «3,148» рақамлар билан алмаштирилсин.

2. Меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича ягона тариф сеткасидан фойдаланадиган хўжалик ҳисобидаги корхоналар ва ташкилотларга уларнинг молиявий имкониятларидан ва хўжалик фаолияти натижаларидан келиб чиққан ҳолда, ходимлар меҳнатига ҳақ тўлашни ташкил этиш учун асос сифатида Ягона тариф сеткасининг оширилган тариф коэффициентларини белгилаш ҳуқуқи берилсин.

3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2019 йил 18 январь,

47-сон

2015-2024 © Хокимият Пайарыкского района. Разработан в: SAKTRM