insurez
02-12-2024 14:00

#brifing Milliy va umuminsoniy qadriyatlar uyg'unligi.


Ассалому алайкум азиз тумандошлар ҳамда ижтимоий тармоқ кузатувчилари!

 

“Пайариқ туманида Миллий ва умуминсоний қадриятларни янада ривожлантириш ва уларнинг ўзаро уйғунлигини таминлаш борасида борасида амалга ошираётган ишлар” юзасидан брифингни бошлаймиз.

Қадриятлар тушунчаси ниҳоятда хилма-хил маънода турли соҳаларда қўлланилади. Қадрият тушунчаси буюм ёки нарсаларнинг иқтисодий қимматини ифодалайдиган тушунчадан фарқ қилади.

 

Қадриятлар ‒ инсон учун бирор аҳамиятга эга бўлган воқеликнинг шакллари, нарсалар, воқеалар, жараёнлар, ҳолатлар, сифатлар, талаб ва тартиблар қадрини ифодалаш учун ишлатиладиган тушунча. У жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий, маданий-маънавий тараққиётининг маҳсули. Шунинг учун ҳам қадриятларда замоннинг руҳи, имкониятлари, ўша замонда яшаган одамларнинг орзу-умидлари, истаклари, талаб ва эҳтиёжлари ўз ифодасини топади. Замонлар ўтиши билан қадриятларнинг мазмуни ва маъноси ўзгариб боради. Худди шунинг учун ҳам қадриятларнинг тарбиявий аҳамиятига баҳо берганда конкрет тарихий шарт-шароитларни доимо назарда тутиш керак.

Инсон қадри, унинг шаъни, ор-номуси, миллий ғурури, албатта, миллий қадриятлар билан бевосита боғлиқ.

Миллий қадриятлар ‒ ҳар бир миллатнинг ўзига хос хусусиятларини ифодаловчи фалсафий тушунча бўлиб, ўша миллат босиб ўтган ижтимоий тараққиёт жараёнида шаклланган миллий маданий мерос хазинасига қўшган ҳиссасини, улушини ифодалайди. Худди шу миллий ўзига хослик, ўзига мослик миллат маданиятида, адабиётида, санъатида, тилида, динида, тарихий хотирасида, яшаш, ишлаш ва фикрлаш тарзида, урф-одатларида, расм-русумларида, байраму-сайилларида ўз ифодасини топади. Бир сўз билан айтганда, миллий қадриятлар ‒ миллий маънавий маданият ифодаси бўлиб, ҳар бир миллатнинг инсонийлик хазинасига қўшган муносиб ҳиссасининг ҳосиласидир.

Маълумки, қадимий ва саховатли заминимизда кўп асрлар давомида турли миллат ва элат, маданият ва дин вакиллари тинч-тотув яшаб келади. Меҳмондўстлик, эзгулик, қалб саховати ва том маънодаги бағрикенглик халқимизга доимо хос бўлган ва унинг менталитети асосини ташкил этади. Юртимизда ҳукм сураётган дўстлик ва бирдамлик муҳити – тинчлик ва барқарорлик, амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини янада юксалтиришнинг энг муҳим омилидир.

Бугунги кунда мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила фарзандларидек аҳил ва иноқ яшамоқда. Улар умумий уйимиз – жонажон Ўзбекистонимиз равнақи йўлида бирлашиб, барча соҳа ва тармоқларда фидокорона меҳнат қилмоқда, ривожланган бозор иқтисодиёти ва кучли фуқаролик жамиятига асосланган ҳуқуқий демократик давлат қуришга муносиб ҳисса қўшмоқда. Бағрикенглик инсонпарварлик маданиятини ривожлантириш, миллатлараро фуқаролараро ҳамжиҳатлик ва тотувликни мустаҳкамлаш, ёш авлодни шу асосда, Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш давлатимиз сиёсатининг муҳим устувор йўналишларидан бирига айланган.

Миллий ва умуминсоний қадриятлар уйғунлигини келгусида янги босқичга кўтариш учун ҳурматли президентимиз олдимизга қуйидаги мақсадларни қўймоқда:

2023 йил 28 октябрь куни туманда соҳани ривожлантириш мақсадида “Маънавият ва маърифат маркази”, “Пайариқ тарихи музейи” ташкил этилиб фойдаланишга топширилди.

Бугунги кунда, Пайариқ туманида маданият ва санъат муассасалари сони 10 та бўлиб, шундан 6 таси Маданият марказлари, 2 таси Болалар мусиқа ва санъат мактаблари, 2 таси Маданият ва истироҳат боғлари, соҳани ривожлантириш борасида фаолият кўрсатиб келмоқда. Мавжуд Маданият марказларида 23 та тўгараклар ташкил этилган, уларда 285 нафардан ортиқ ҳаваскорлар машғулотлар олиб боради.

Бундан ташқари, Маданият марказлари томонидан 6 та маҳаллаларда ҳамда 14 та мактабларда қўшимча тўгараклар ва театр студиялари ташкил этилган. Ушбу ташкил этилган тўгаракларга ёш ҳаваскорлар қамраб олинмоқда.

2024 йил давомида Пайариқ туманидаги маданият марказлари ҳамда маданият ва истироҳат боғларида жами 400 (Болалар ва ўсмирлар учун 50 та, Илмий-амалий анжуманлар ва семинарлар 10 та, театрлаштирилган томошалар ва халқ сайллари  100 та, Ҳаваскорлик жамоалари концертлари 140 та, Мавзули, адабий-бадиий ва дам олиш кечалари 100 тани ташкил этади) дан зиёд маданий-маърифий тадбирлар уюштирилди.

Мазкур тадбирларнинг 100 дан ортиғи 5 муҳим ташаббус бўйича уюштирилган тадбирлар хисобланади. Шунингдек, санъат соҳасидаги ўтказилаётган кўрик-танловларда вилоят ҳамда Республика босқичларида иштирок этиб фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда.

Пайариқ туман ҳокимлиги Маданият бўлими ва унинг тизимидаги 6 та Маданият марказлари фаолияти оммавий ахборот воситалари ҳамда расмий веб сайд ва бошқа ижтимоий тармоқлар орқали ёритиб борилмоқда.

 

Жамиятимиз ҳаётида, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлод тарбиясида миллий қадриятларни сингдириш ва ёшларни шу тарбия асосида вояга етказиш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилди.

Ҳусусан, туманда яшаб ижод қилаётган ва миллий қадриятларни тарғиб қилувчи ижодкорлар рўйхати шакллантириб олинган бўлиб, мазкур ижодкорлар билан доимий тарзда ҳамкорлик қилиб келинмоқда.

Ушбу ижодкорлар томонидан ҳудудни миллий қадриятларини акс эттирувчи хақл оғзаки ижоди намуналари (ўлан, лапар, эртак, матал, чўпчак, достон, касб турлари, ҳунармандчиликлар) тўғрисида ёзма маълумотлар базаси ташкил этилиб, жамланиб борилмоқда.

Туманда миллий қадирятларни бутунлигича сақлаб қолиш ва келгуси авлодга борича етказиб бериш мақсадида Маданият бўлими қошида “Чинор” фольклор жамоаси ташкил этилган.

Мазкур жамоа туман ҳудудида мавжуд барча миллий қадрият ва урф-одатларни ўрганган ҳолда турли давлат тадбирларида, концерт дастурларида ўз чиқишлари билан уни тарғибот қилиб намойиш этмоқда. Жамоанинг фаолиятига  қарайдиган бўлсак Жамоа туманда, вилоятда, Республикада бўлиб ўтадиган кўрик-танловларда ва катта байрам тадбирларда фаол иштирок этиб келмоқда.

Бундан ташқари, “Чинор” фолклор жамоаси томонидан урф-одатлар, маросимлар ва байрамларга бағишланган халқ оғзаки ижоди наъмуналари билан 20 дан зиёд “Керакда-хо керакда”, “Челакда бозор”, “Олдилар”, “Хапаласи”, “Наврўз сайли”, “Таралла-хо”, “Беш қарсак”, “Ўлан”, “Ялли жоним ялли”, “Носкади”, “Дурма-дурма”, “Найзангул”, “Бўшама”, “Пайариғим” каби репертуарлари билан туманинг келиб чиқиш тарихини ва миллий қадриятларини кенг ёритиб келмоқда.

Шу жумладан,  тумандаги 7-сон Тўполос маданият маркази қошида ҳамда “Дарвишиқ” ва “Қирқовул” маҳалласининг ёшларидан ташкил этилган болалар фолъклор жамоаларига ҳам ушбу халқ оғзаки ижоди наъмуналари  ўргатилиб, дастурига киритилган ва бу жараён йилдан йилга такомиллаштириб борилмоқда.

Бугунги кунда туманда 5 нафар эртакчи, 3 нафар маталчи, 3 нафар томоша санъати соҳаси, дорвозлик, 10 нафар Мусиқа соҳаси бўйича, мумтоз ашула ва ялла соҳаси вакиллари, 5 нафар ўланчи, 5 нафар рақс мутахассислари, 3 нафар оилавий маросимлар,  фолъклор раҳбарлари, миллий қадриятларни ўзида акс эттирган миллий касб эгалари ижод қилиб келмоқда.

Миллий қадриятларни янада ривожлантириш борасида       40 нафар ижодкорлар иш олиб бормоқда. Келгусида ушбу ижодкорлар учун зарур шарт-шароитлар яратган ҳолда “Устоз-шогирд” анъанаси орқали миллий қадриятлар, урф-одатларни янада ривожлантириш, авлоддан-авлодга етказиб бериш чораларини кўриш режалаштирилган.

Бу борада тегишли чора-тадбирлар белгилаб олиниб, амалий ишлар олиб борилмоқда.

Teglar
- -