КАСБИГА МЕҲР ҚЎЙГАН МУАЛЛИМА
Инсон ҳаётда орзу ва мақсадлари сари дадил интилади. Бу борада мақсадидан, борар йўлидан қайтмайди. Жамиятда ўз ўрнини топиши, одамлар қатори яшаши учун бор куч-ғайратини сарфлайди.
“Янги ҳаёт” маҳалласида истиқомад қилувчи Мусаввар Нормуродова ҳам ана шундай меҳнатсевар, интилувчан замондошларимиздан бири. У иккинчи гуруҳ ногирони бўлишига қарамасдан, ўз касбининг фидойиси, атрофимиздаги одамларга чинаккам ўрнак бўлаётир.
Мусаввар опа ўрта мактабни тамомлагач, “Хотин-қизлар педагогика билим юрти”да таҳсил олди. 1986 йили, ҳозирги 66-мактабда меҳнат фаолиятини бошлади. У 2016 йилгача ёш авлодга таълим-тарбия берди.
Эришган ютуқлари, таълим соҳасидаги фидойилиги Давлатимиз томонидан юксак баҳоланиб, 2008 йилда “Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси” нишони билан тақдирланди. Бундай эътибордан руҳланиб, М.Нормуродова муаллифлигида “Ижодкор муаллима” ёш мутахасислар учун методик тавсиянома тайёрланди. Катта тажриба асосланган қўлланма амалиётга тадбиқ этилди.
Умр йўлида ҳаёт ташвишлари билан оввара бўлганингизда, тақдирнинг кучли зарбаларига ҳам беҳосдан дуч келар экансиз. Мусаввар опа зинапоядан кутилмаганда оёғи сирғаниб кетади. Оғир жароҳати туфайли режалаштирган ишларини амалга ошириш бироз кечикади. Орадан кунлар ўтиб, рухан куч тўплаб, бундай тахлидда яшамаслик кераклиги, жамиятга фойдаси тегиши зарурлигини кўнглидан ўтказади.
— Мен ҳеч қачон ҳаётимдан нолимадим, — дейди муаллима Мусаввар опа. — Тақдир синовлари бошингизга тушса, сабр-тоқатингиз, меҳнатсеварлигингиз синовдан ўтади. Энг муҳими эртанги кунга ишониш лозим.
Айни пайтда жажжи болажонларга бошланғич таълимдан сабоқ бермоқда. Ўз хонадонидан, шинамгина синфхона ташкил қилган. Фаолиятини кузатар эканмиз, билимга чанқоқ ўғил-қизларни кўриб, М.Нормуродованинг меҳнати зоя кетмаётганлигидан одамнинг кўнгли шод бўлади.
Баҳодир Абдумусаев,
"Янги ҳаёт" маҳалласи ижтимоий ходими.