Ўқитувчи ва мураббийлар куни олдидан

ДИРЕКТОРЛИКНИНГ ШАРАФЛИЛИГИДАН МАСЪУЛИЯТИ ОҒИРРОҚ

- Муртоза Хошимовни танийсизми,- дейди «Бошқўрғон» маҳалласида яшовчи, кўп йиллар мактаб директори бўлиб ишлаган Анвар Шоғдоров. – У киши «Оқтош» маҳалласида яшайди. 20 йил мактаб директори бўлиб ишлаган. Жуда масъулиятли инсон. У киши бошқарган  мактаб ҳар соҳада туманда пешқадамлик қилган. Биз Муртозанинг иш услубига, кадрлар танлаш қобилиятига қойил қолганмиз.
Ўйланиб қолдим. Муртоза ака билан қўшни яшаймиз. Ҳар куни бўлмаса ҳам кунора бир-биримизни учратиб қоламиз. Шунча ўқитувчилар ҳақида мақолалар уюштирибманки, ўзимнинг устозим ҳақида ҳали ҳеч нарса ёзмабман. Балким истеҳола қилгандирман. Қўшнисини ёзибди деб. Лекин шуни англадимки, бундай устозларни қадрлаш, иш услубини кенг қўллаш керакка ўхшайди. Ахир 20 йил битта мактабда директор бўлиб ишлаш осонмас. Ҳозирги айрим директорларнинг нари борса икки ёки уч йилда ваколати тугаяпти. Бунда бошқа мактабни бошқаришга кучи етмаяпти.
- Юртимизда халқ таълими тизимига эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилган,- дейди М. Хошимов.- Ўқийман, ишлайман деган ўқувчига ҳам, ўқитувчига ҳам барча шароитлар яратилган. Бундан унумли фойдаланаётганларни кўриб дилингиз яйрайди. Бироқ, давлат томонидан берилган имтиёзларни оёқ ости қилаётганларни кўриб ачиниб кетасан.
Ўқитувчилик шарафли касб. Бу ҳар кимга ҳам насиб қилавермайди. Шу касбга монанд бўлиш керак. Раҳмат Давиров, Мусрат Равшанов, Карим Ҳамроев, Очилбой Хушвақтов, Мамаражаб Саматов, Қувондиқ Усмонов, Раҳмон Элмуродов каби устозларнинг юзидан нури ёғилиб турарди. Улар «мен ўқитувчиман» дейиши шарт эмасди. Худди уларни кўрган одам пешонасига устоз деб ёзиб қўйилгандай бехосдан устоз деб юборарди. Ҳозир ҳам бундай ўқитувчиларимиз бор. Лекин кам. Кеча келган кадр 15-20 йил ишлаб қўйган устозларига билимдонлик қилиб турса, нима дейсиз?  Уларда на ҳурмат бор, на шарм-ҳаё. Биз устозларнинг олдида ўтиролмаганмиз. Устознинг гапини қонундай қабул қилганмиз. Шунинг учун мактабда натижа ҳам, самара ҳам бўлган.
Аччиқ бўлса ҳам айтиш керак, бугун ижтимоий тармоқларда баъзи ўқитувчиларнинг дарс талашиб, керак бўлса, муштлашиб кетаётганлигига гувоҳ бўлаяпмиз. « Менинг дарсим бир ярим ставка бўлиш керак, нега у кеча келиб шунча дарс олади, ўтган йили қўшиб бераман деган эдингиз». Мана аҳвол.  Бу нима деган гап ахир? Шундай ҳолат ўқитувчиларга ярашадими? Давлатимизнинг таълим соҳасига  катта ислоҳотлар киритаётган бир пайтда бизнинг муносабатимиз энди шу бўлдими?
Нега шу жанжал кўтараётган ўқитувчилар фан олимпиадалари, турли кўрик-танловларга боришда «менинг ўқувчим билимдон, спортчи, ҳаммадан иқтидорли» деб талашмайди. Аччиқ бўлса ҳам айтиш керак, айрим фанлардан олимпиадага боришга ўқувчи топилмай қолаяпти. «Сен бориб кела қол, қатнашмасак барибир қўйишмайди» дейишдан нарига ўтилмаяпти.  Натижа ҳам шунга яраша…
Муртоза ака билан таълим тизимидаги ютуқ ва муаммолар хусусида роса суҳбатлашдик. У кишининг фикрлари ҳар қандай кишини мушоҳада қилишга ундайди. Шунинг учун бундай кишилардан фойдаланиш, керак бўлса, маслаҳатини олиш лозим.
Ҳусниддин ХОЛДОРОВ.

2015-2024 © Пайариқ туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM