Жиҳодчилик ҳаракати ҳақида

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим 
Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз ва пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотларимиз бўлсин.

   Маълумингизким, муқаддас Ислом дини ўз мазмун моҳиятига кўра тинчлик дини ҳисобланади. У бутун инсониятни тинчликда, хотиржамликда, офият ва барқарорликда яшашга тарғиб қилиб, ер юзида фитна фасод, адоват каби иллатларга барҳам беришга чақиради. Тинчликпарварлик ислом динининг асосини ташкил қилади. Минг афсус билан қайд этиш лозимки, бугунги кунда динни ниқоб қилиб, унинг номидан иш олиб боришга интилаётган экстремистик ва террорчи оқимларнинг бузғунчи фаолияти муқаддас ислом дини ва тинчликсевар мусулмонлар ҳақида нотўғри тасаввурларнинг шаклланишига сабаб бўлмоқда. ''Жиҳод'' ғояси остида бир қанча мусулмон мамлакатларида олиб борган террорчилик амалиётлари натижасида минглаб тинч аҳоли, жумладан, гўдаклар, қариялар, аёллар қурбон бўлди. Ливия, Сурия, Ироқ каби мамлакатларда ўнлаб йирик шаҳарлар бутунлай вайронага айланди. Миллионлаб инсонлар уй жойларидан айрилиб, ўзга юртларда қочқин сифатида сарсон саргардон бўлмоқда. 
    Бундай ҳатти ҳаракатлар аксарият аҳолиси мусулмонлардан иборат бўлган мамлакатлар қатори бизнинг юртимизда ҳам ҳар бир ақли расо инсонни, мўмин мусулмонни доим ҳушёр бўлишга, огоҳ бўлишга чорлайди. Дин номидан қилинаётган фасод ва бузғунчиликлар нима мақсадда қилинаётгани, унинг орқасида қандай кучлар  тургани, бундай ёвузликларнинг асосий мазмун моҳияти нимадан иборат эканлигини англаб етмоқ бугуннинг энг долзарб вазифаларидан ҳисобланади. 
   Экстемист террорчиларнинг талқинидаги ''жиҳод'' тушунчаси муқаддас динимиз ҳақида гўёки, бу дин ёвузликка, жангу жадал, уруш, қон тўкиш, бошқа диндагиларга қарши кураш олиб боришга асослангани ҳақида нохолис қарашларнинг шаклланишига туртки бўлмоқда. Аслида, ''жиҳод'' Қуръони каримда ''муқаддас уруш'' деб аталмаган. Шу ўринда жиҳод сўзининг араб тилидаги луғавий ва диний истилоҳий маънолари ҳақида тўхталадиган бўлсак, ''жиҳод'' сўзи арабча ''жаҳада'' феълидан олинган бўлиб, ''ғайрат қилмоқ'', ''ҳаракат қилмоқ'', ''интилмоқ'', ''зўр бермоқ'', ''бор кучини сарфламоқ'', ''курашмоқ'', ''меҳнат қилмоқ'' каби маъноларни англатади. Диний истилоҳга кўра, жиҳоднинг нафс, шайтон ва ёв билан курашишдек турларининг мавжудлиги, уларнинг мазмун моҳияти ҳақида етарлича тушунтиришлар берилган.
    Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўн уч йил Маккаи мукаррамада  ўн йил Мадинаи мунавварада пайғамбарлик фаолиятларини олиб борганлар. Макка даврида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобийлар Аллоҳ таолонинг: ''(Эй Муҳаммад), Раббингизнинг йўлига (динига) ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват қилинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг!...''–(Наҳл,125) деган кўрсатмаси асосида фаолият олиб борганлар.
     Кейинчалик, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккаи мукаррамадан Мадинаи мунавварага кўчиб ўтдилар. Мадинаи мунавварада мусулмонлар жамияти таркиб топди. Макка мушриклари томонидан мадинадаги мусулмонлар жамиятини ривожланмаслиги учун бир неча маротаба Мадинага қўшин тортиб борилади. Шундай ҳолатда мусулмонлар жамиятини ташқи душмандан мудофаа қилиш мақсадидагина ҳарбий мазмундаги жиҳодга рухсат берилган. Жумладан, ''Ҳаж'' сурасининг 39-оятида: ''(Мушриклар томонидан) ҳужумга учраётган (мусулмон)ларга, мазлум бўлганлари сабабли (жанг қилишга) изн берилди. Албатта, Аллоҳ уларга ёрдам беришга қодирдир'', дейилади. Бу оятдан кўринадики, жангу жадал маъносидаги жиҳодга мудофаа, муқаррар душман ҳамласини даф этиш мақсадида рухсат берилмоқда.
     Таассуфки, ҳозирги кунда экстремистик ва террорчи оқимларнинг мутаассиблик билан йўғирилган ғаразли мақсадлари йўлидаги босқинчилик урушини ''жиҳод'' деб эълон қилиб, бу йўлда ўзларини портлатиб бегуноҳ инсонларнинг ўлимига сабабчи бўлаётганларни ''шаҳид'' деб атаётганлари динимиз таълимотига мутлақо зиддир.
    Бузғунчи террорчилар ўзларига эргашмаган, уларнинг алдов ғояларига қарши чиққан мусулмонларни ''такфир''да айблайдилар, ҳамда, шу билан уларнинг қонлари, жонлари, молларини ўзларига ''ҳалол'' санаб, тўдабошиларининг ''фатво''лари билан мусулмон жамиятларда тинч аҳолига нисбатан талончилик, қароқчилик, зулму зўравонлик амалиётларини олиб борадилар. Улар ўзларининг бу босқинчилик қилмишларини ''жиҳод'' деб атайдилар. 

     Ваҳоланки, Аллоҳ таоло Қуръони каримда ғаразли мақсадда дунё матоҳига эгалик қилиш мақсадида мусулмон кишини асоссиз кофирга чиқаришдан қайтаради. Жумладан, Аллоҳ таоло ''Нисо'' сурасининг 94-оятида:''Эй имон келтирганлар! Аллоҳ йўлида сафарга чиққанингизда, аниқ иш тутингиз! Сизларга салом берган (ёки таслим бўлган) кишига бу дунё матоҳини (ўлжани) кўзлаб: ''Мўмин эмассан'',-демангиз!...'' деб огоҳлантиради. 
     Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: ''Ҳеч бир киши бошқа кишини фосиқ, кофир деб айбламасин. Агар у киши бундай бўлмаса, айтган гапи ўзига қайтиб келади''. Шундай экан, айрим сохта ''жиҳод'' ғояларига алданиб,бугунги кунда дунёнинг нотинч нуқталарига бориб олиб, муқаддас динимиз таълимотига зид равишда зулму зўравонлик қилиб юрганлар вақти борида эсини йиғиб олишлари керак бўлади. Динимиз таълимотида бировга жабр, зулм қилишлик қанчалик оғир гуноҳ эканлиги ояти карима ва ҳадиси шарифлар асосида баён қилиниб, огоҳлантирилади. Айнан террорчи бузғунчилар ўзларининг ер юзида олиб бораётган фисқу фасодларини Аллоҳ таолонинг каломи Қуръони карим оятларини бузиб, нотўғри талқин қилиш орқали хаспўшлашга, шу орқали диний илми етарли бўлмаган кишиларни чалғитиб, тўғри йўлдан оғдиришга ҳаракат қиладилар. ''Ҳуд'' сурасининг 18-оятида Аллоҳ таоло: ''Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган кимсадан ҳам золимроқ одам борми? Ана ўшалар Роббиларига рўбарў қилинурлар ва гувоҳлар: ''Анавилар Роббилари шаънига ёлғон гапирганлардир. Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг лаънати золимларгадир'', дерлар'', деб дунё матоҳини кўзлаб Аллоҳ таолога ёлғон тўқиб, ер юзида бузғунчилик, фасод ишларни қилган кимсаларни золимлар деб атаб, улар учун қиёмат кунида аламли азоб борлигидан огоҳлантиради.
     Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: ''Муфлис кимлигини биласизларми?''-деб сўрадилар. Саҳобийлар: ''Муфлис - бирор дирҳами, динори, матоҳи йўқ кишидир'',-деб жавоб бердилар. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: ''Менинг умматимдан бўлган муфлис қиёмат куни намози, закоти, рўзаси билан келади, шу билан бирга бировни сўккан, бировни зинода айблаган, бировни молини ноҳақ ўзлаштирган, бировни ноҳақ қонини тўккан, бировни урган бўлади. Унинг ҳасанот-яхшиликларидан мазлумларга олиб берилади. Агар ҳасанот-яхшиликлари қолмаса мазлумларнинг гуноҳлари унга юкланади. Сўнгра дўзахга улоқтирилади'', дея бу дунёда зулму зўравонлик қилиб юрганларнинг қиёмат кунидаги аҳволларини баён қилиб бердилар. 
     Шуни доим ёдда тутмоқ керакким, Ислом дини жангу жадал дини эмас, балки тинчлик динидир. Ислом сўзининг туб мазмун моҳияти тинчлик, саломатлик, хотиржамлик, офият, сулҳ каби маъноларни англатади. Мўмин мусулмон киши  Ватани озодлиги йўлида курашса, оиласи, мол-мулки, дин-диёнати, ор-номуси ҳимояси йўлида курашса ҳақиқий маънода жиҳод саналади. Юрт равнақи, халқ фаровонлиги, тинчликни асраш, ота-она хизмати, оила нафақаси, фарзандлар тарбияси, шунингдек, ёшлар онгини турли хил бузғунчи ёт ғоялардан, мафкуравий хуружлардан асраб авайлашга қаратилган ҳатти-ҳаракатлар ҳам жиҳод саналади.
    Аллоҳ таоло жондан азиз Юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо айлаб, турли балолардан Ўз паноҳида асрасин!

 

Мансуржон Абдухолиқов,

Пайариқ тумани бош имом хатиби

2015-2024 © Пайариқ туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM