Фарзандимизга бепарво бўлсак...

Фарзанд Аллоҳ таолонинг буюк инъоми, улуғ неъмати, дунё ҳаётининг зийнатидир. Фарзанд одобли, тарбияли, солиҳ бўлса, ота-онанинг кўз қувончи, дил сурурига айланади. Агар у тарбиясиз, бадхулқ  ва эътиқодсиз бўлса, жамиятнинг шўри, ота-онасига лаънат келтирувчи бўлади. Қуръони каримдаАллоҳ таоло бундай дейди: “Мол-мулк,  фарзандлар дунё ҳаётининг зийнатидир...”.

    Фарзанд Аллоҳ таоло томонидан инсонга берилган энг улуғ неъмат бўлиши баробарида омонат ҳамдир. Бу буюк неъматга сазовор бўлган ота-оналар бунинг қадрига етишлари, бунга шукурлар айтиб, фарзанд олдидаги ота-оналик бурчларини пухта адо этишлари, яъни унга чиройли исм қўйишлари, яхши таълим-тарбия беришлари зарур. Токи ўша фарзанд охир-оқибатда Аллоҳ розилигини топадиган, ўз миллати, Ватани, ота-онасига муносиб ўғлон, тенгдошлари ҳурмати ва муҳаббатини қозонган етук бир инсон бўлиши борасидаги масъулиятли вазифаларни чин ихлос ва садоқат билан адо этадиган фаол инсон бўлиб камолга етсин.Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади: “Эй, имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлардан иборат бўлмиш дўзахдан сақлангиз...”.

     Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарфларида ҳам мўмин-мусулмонлар бола тарбиясига жиддий эътибор қаратишлари лозимлиги ҳақида сўз юритилган. У зот (с.а.в) марҳамат қилиб айтадилар: “Кишининг ўз фарзандини чиройли одоб-ахлоқ билан тарбиялаши кўп миқдорда қилган нафл садақасидан яхшироқдир”. “Ота болага гўзал одобдан ҳам кўра каттароқ  мерос қолдиролмайди”. “Фарзандларингизга одоб берингизлар ва уларнинг одобларини чиройли қилингизлар”.
Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа бир ҳадиси шарфларида ҳамбола ва аҳли аёлларни яхшилик қилишга ўргатиш ҳамда уларда чиройли хулқни камол топтириш зарурлиги талим берилган. У зот (алайҳиссалом) марҳамат қилиб айтадилар: “Болаларингиз ва аҳли аёлларингизга яхшилик қилишни ўргатингиз ва уларни хушхулқлик билан тарбиялангиз”. Мажлислардан бирида Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ ҳамсуҳбатларидан: “Экин пишиб етилганидан сўнг нима қилинади?”деб сўрабдилар. “Ҳосил йиғиб олинади”,деб жавоб беришибди.” Шуни билингларки, гоҳида экин пишиб етилмасидан олдин унга офат-касаллик етиши ҳам мумкин”, деб фарзанд тарбиясига лоқайд бўлинганида оқибати ёмон бўлишига ишора қилган эканлар. Буни ҳаётда кўп кузатяпмиз. Баъзи ота-оналарнинг бепарволиги сабаб фарзандлари кўча чангитиб юришибди. Хорижга ишлашга кетяпман, дея диний-экстремистик кучлар таъсирига қолиб кетаяпти. 
     Донишмандлар болани ёш ниҳолга қиёслашади. Ниҳол эгри ўса бошласа, дарахтга айланганида уни тўғирлаш ниҳоятда қийин бўлади. Худди шу каби болага ҳам ёшлигидан тўғри тарбия берилмаса, улғайгач уни тўғри йўлга солиш амри маҳол ишга айланади. Унга яхши тарбия бериш дегани айтганини ўша заҳоти муҳайё қилиш ёки яхши едириб, яхши кийинтиришдангина иборат эмас. Энг аввало, боланинг халқумини пок тутиш, яъни унга бериладиган озуқанинг ҳалол бўлишига эришиш лозим. Агар озуқа пок, ҳалолдан топилмаган бўлса, бундай боладан яхши одам етишиб чиқиши гумон иш. Унга меҳр-шафқат кўрсатиш баробарида талабчанлик ҳам қилиш, атрофидаги одамларнинг хушхулқли бўлишига эришиш, фойдали бирор машғулот, дарс ёки меҳнат билан машғул қилиш ҳам фарзанд тарбиясидаги муҳим омиллардандир. Бу борада жамоатчилик ҳам масулиятни ҳис қилиши керак. Чунки болалар дарс вақтида ёки кечгача интернет кафеда бўлишяпти, индамай ўтиб кетяпмиз. Маънавиятимизга зид бўлган одатларга тарғиб қилувчи “Оммавий маданият” ниқоби остидаахлоқий бузуқлик ва зўравонлик каби хатарли таҳдидлар ҳар бир кишини ҳушёрликка чорлаши зарур. Ёшлар тарбиясига катта хавф солаётган бундай таҳдидларга асло бепарво бўлишимиз мумкин эмас.

Фарзандларни ёшлик чоғларидан бошлаб илму маърифатга қизиқтириб, ўргатиб бориш лозим бўлади. Зеро, илму фаннинг қайси соҳасига бўлса ҳам қизиқиш пайдо қилиб, ўқиб-ўрганиб маълумот ҳосил қилган киши, албатта, ўзи, оиласи, халқи ва Ватани учун манфаат келтирадиган инсонлар қаторидан жой олади. Айниқса таълим муассасаларида ўқишни тугатиб, ёзги таътилга чиққан фарзандларимизга эътиборли бўлишимиз лозим. Уларнинг қизиқарли дам олишларига қулай шароитлар яратиб берайлик. Ота-оналар фарзандларини кўча кўйда беҳуда тентираб, бўлмағур, ножўя ҳатти-ҳаракатлар қилишдан сақлаб, гўзал хулқ эгаси бўлишга чақиришсин. Чунки ота-она, маҳалла-кўй, жамоатчилик эътиборидан четда қолган бола ёмон хулқли кимсалар билан дўст тутинади, улардан гуноҳ ва жиноий ишларни ўрганади, гиёҳвандлик, ароқхўрлик, бузуқлик каби ишлардан таптортмайдиган бўлиб улғайади. Бундай тарбияси бузуқ болалар кейинчалик ота-оналарига ҳам, жамиятга ҳам катта кулфатга айланади. 

Мансуржон Абдухолиқов,
Пайариқ тумани бош имом хатиби

2015-2024 © Пайариқ туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM