БУЮК НЕЪМАТ

Ислом дини инсониятни тинчлик, ҳамжиҳатлик, дўстлик, аҳиллик ва эзгу ишларда ҳамкорлик қилиб яшашга буюради. Ёвузлик, зулму зўравонлик, фитна фасод, бузғунчилик қилишдан қайтаради.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Эзгулик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват йўлида ҳамкорлик қилмангиз”, – деб инсониятни огоҳлантиради. Шунингдек, бугун ер юзида юзлаб миллат ва элатлар яшамоқдалар. Ер юзининг турли нуқталарида инсонларнинг баъзилари бахтиёр ҳаёт кечираётган бўлсалар, баъзи жойларда эса қийинчилик, машаққат, зулму зўравонлик остида ҳаёт кечирмоқдалар. Аслида ер юзидаги барча инсонлар бахтиёр яшашга ҳақлидир. 
      Аллоҳ таоло инсониятни турли миллат ва элатлар қилиб яратиб уларни бир бирлари билан хайрли амалларда ҳамкорлик қилишга буюргани ҳақида Қуръони каримда қуйидагича марҳамат қилади: “Эй, инсонлар! Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик. Ҳамда бир бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир” (Ҳужурот, 13). Бу билан Парвардигори олам инсоният наслини аслида ўзининг қудрат қўли билан яратган бир инсон – Одам атодан тарқалганини баён қилмоқда. Шунингдек, одам зурриётини турли ирқ, миллат элатлар қилиб, тил ва лаҳжаларини турли луғатларда сўзлашадиган қилиб қўйганлигининг ҳикмати шундаки, инсоният хайрли, савобли, солиҳ амалларда бир бирлари билан  ҳамкорлик қилсинлар. 
      Инсонларнинг эзгулик ва тақво йўлидаги ҳамкорликлари ёки аксинча ёвузлик йўлидаги қилаётган ишлари улар тутган ғояларнинг бунёдкор ёки вайронкор эканлигига боғлиқдир. Дунёдаги барча мавжуд динлар инсонларни эзгуликка ва яхшиликка буюради. Ёвузликдан қайтаради. Лекин Қуръони каримда инсонни тўғри йўлдан чалғитувчи ва ўзига эргаштириб жаҳаннам қаърига олиб кетишга доим уринадиган душмани – шайтони лаъиннинг мавжуд эканлигига, унинг ҳийлаларидан инсонларни доим огоҳ бўлишга чорлаган оятларнинг борлиги, эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги курашнинг азалдан давом этаётганлигига далолат қилади. Аллоҳ таоло томонидан нозил қилинган илоҳий таълимотлар эса инсониятни душмани бўлган шайтони лаъин фитналаридан огоҳлантиради.
      Бир куни Пайғамбаримиз (с.а.в) саҳобалари билан суҳбатлашиб ўтириб, ерга тўғри чизиқ чизиб, “Бу менинг Аллоҳга элтадиган тўғри йўлимдир”, – дедилар. Ҳамда ўнг ва чап томонига тўғри чизиққа туташтириб майда-майда чизиқчалар чиздилар-да, “Бу чизиқчалар эса мана шу тўғри йўлга туташган эгри йўллардир. Огоҳ бўлинглар бу йўлларнинг ҳар бирининг бошида шайтон туради”, – дедилар.
      Қуръони карим оятлари мўмин-мусулмонларни ер юзини обод қилишга, турли миллат ва дин вакиллари билан эзгулик йўлида ҳамкорлик қилишга буюради. Турли фирқа ва оқимларга бўлинишдан қайтаради. Оли Имрон сурасининг 103-оятида: “Ҳаммангиз Аллоҳнинг “арқони”ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва турли фирқаларга бўлиниб кетманг”, деб огоҳлантиради. Бошқа бир оятда эса “Мен сизларга (дунёда) билдириб: “Эй, Одам болалари! Шайтонга ибодат (итоат) қилмангиз, чунки у сизларга очиқ душмандир. Менга ибодат қилингиз! Мана шу тўғри йўлдир”, – демаганмидим?!” (Ёсин, 60-61) дея инсониятни зулму-зўравонликдан қайтариб, итоат қилмаганини дўзах азобига гирифтор этиши билан огоҳлантиради.

Тинчлик неъматини нақадар қадрли эканини биргина Пайғамбаримиз (с.а.в)дан ворид бўлган ҳадисдан билсак бўлади. Пайғамбаримиз (с.а.в) “Икки улуғ неъмат борки бири дунё неъматларининг улуғи, иккинчиси охират неъматларининг улуғидир. Дунё неъматларининг улуғи-Офиятдир. Охират неъматларининг улуғи эса-Исломдир”, –  дедилар. Офият сўзига маъно берадиган бўлсак бу сўз тинчлик, хотиржамлик, тансиҳатлик, фаровонлик каби маъноларни англатади. Эътибор берсак, Расулуллоҳ (с.а.в) аввало Офият сўзини ишлатдилар. Чунки инсоннинг дини ва эътиқодини баркамоллиги учун авваламбор тинчлик ва хотиржамлик керак. Тинчлик ва хотиржамлик бўлмаган жойда на дин ва на диёнат бўлади. Шунинг учун инсонга аввало тинчлик керак. Тинчлик соясида инсон ҳаётда бахтиёр яшайди. Дунё ва охиратини ободлиги йўлида эзгу амаллар қилади. Диёнатини бутун сақлайди. Иймон-эътиқодини бутунлигича асрайди ва охиратда Аллоҳнинг буюк марҳаматига сазовор бўлади. Аждодларимиз тинчлик учун, юрт ободлиги учун жон фидо қилганлар. Қолаверса муаззам динимиз мусаффолиги ҳамда юртимизда яшайдиган барча мўмин-мусулмонларнинг эътиқодлари тўғрилиги йўлида ўзларидан бой маънавий меросни қолдирганлар. 
      Бугунги кунда юртимизда муҳтарам Президентимиз томонларидан мусулмонларнинг эътиқоди бирлиги йўлида улкан маънавий ишлар амалга оширилмоқда. Маълумки, бизнинг диёрларимиздан диний ва дунёвий илмлар соҳасида жуда кўп олимлар етишиб чиққанлар. Уларнинг қолдирган бой илмий – маънавий меросларини ўрганиш ва бутун дунёга соф ислом динининг бунёдкор ғояларни тарқатиш олдимизда турган асосий вазифалардан ҳисобланади. Бу йўлда бир қанча амалий ишлар олиб борилмоқда.  
     Шундай олижаноб ишлардан бири Имом Бухорий мажмуаси қошида янги Илмий Тадқиқот марказининг ва Ҳадис Олий мактабининг бунёд этилиши бўлди. Келажакда бу жойда диний ва дунёвий илмларга эга бўлган мутахассислар Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий, Имом Абу Мансур Мотуридий каби ўнлаб аллома бобокалонларимизнинг қолдирган илмий-маънавий меросларини ўрганиб, халқимизга шу жумладан, бутун дунёга тараннум этадилар. Бу олижаноб эзгу амалларнинг барчаси нафақат юртимизда балки бутун дунёда тинчлик аталмиш буюк неъматни қарор топтиришдек улуғвор мақсадга қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир!  

 

Мансуржон Абдухолиқов,
Пайариқ тумани бош имом хатиби

2015-2024 © Пайариқ туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM