Ўзбекистон Республикасида маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисидаги қонунчиликни мазмун-моҳияти тўғрисида

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 8 январь куни «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида"ги қонунини имзолади.

Ушбу қонун 14-декабрь куни Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, 20-декабрда Сенат тасдиғидан ўтган бўлиб, ушбу қонун маъмурий органларнинг манфаатдор шахсларга нисбатан маъмурий-ҳуқуқий фаолиятига, шу жумладан лицензия, рухсат бериш, рўйхатдан ўтказиш тартиб-таомилларига, давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ бошқа тартиб-таомилларга, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа маъмурий-ҳуқуқий фаолиятга нисбатан татбиқ этилишлиги белгилаб қўйилган.

Мазкур Қонун норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш ва қабул қилиш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш, давлат хизматини ўташ, референдумлар, сайловлар ўтказиш, мудофаа, жамоат хавфсизлиги ва ҳуқуқ-тартибот соҳасида, шунингдек тезкор-қидирув фаолияти, суриштирув, дастлабки тергов, жиноий мажбурлов чораларини қўллаш билан боғлиқ бўлган бошқа фаолият, суд ишини юритиш, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш соҳасида юзага келадиган муносабатларга нисбатан татбиқ этилмаслиги белгиланган бўлиб, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонуннинг қўлланилиш соҳасига кирувчи муносабатларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Маъмурий тартиб-таомилларнинг асосий принциплари қонунийлик, мутаносиблик, ишончлилик, тингланиш имкониятининг мавжудлиги, маъмурий тартиб-таомилларнинг очиқлиги, шаффофлиги ва тушунарлилиги, манфаатдор шахслар ҳуқуқларининг устунлиги, бюрократик расмиятчиликка йўл қўйилмаслиги, мазмунан қамраб олиш, маъмурий иш юритишнинг «бир дарча» орқали амалга оширилиши, тенг ҳуқуқлилик, ишончнинг ҳимоя қилиниши, маъмурий ихтиёрийликнинг (дискрецион ваколатнинг) қонунийлиги ва текшириш кабилардан иборат.

Қонунга кўра, манфаатдор шахсларга мажбуриятлар орқали қийинчилик туғдириш, фақат расмий қоидалар ва талабларга риоя этилиши мақсадидагина уларга ҳуқуқлар беришни рад этиш ёки уларнинг ҳуқуқларини бошқача тарзда чеклаш маъмурий органларга тақиқланган бўлиб, Қонунда махсус маъмурий тартиб-таомилларни белгиловчи қонун ҳужжатлари жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳолатини ёмонлаштирмаслиги кераклиги белгиланган.

Қонунга мувофиқ, маъмурий органлар маъмурий иш юритишни қонун ҳужжатларида ўз ваколатига киритилган масалалар юзасидан амалга оширади.

Маъмурий тартиб-таомиллар ва уларнинг ҳуқуқий тартибга солиниши фуқаро ва ташкилотлар томонидан ўзларининг ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бевосита таъсирга эга. Маъмурий тартиб-таомиллар турлари кўплиги ва уларнинг кенг тарқалганлигини ҳисобга олган ҳолда давлат органлари билан бўлган турлича муносабатларда кўрсатиб ўтилган барча субъектлар иштирок этади.

Маъмурий тартиб-таомиллар жисмоний ва юридик шахслар билан ўзаро муносабатга киришаётганда амалга ошириладиган давлат функцияларининг тартиби, умумий тамойиллари ва қоидаларини тартибга солади. Шу билан бирга маъмурий тартиб-таомилларга жисмоний ва юридик шахслар билан бўлган муносабатларга қаратилган давлат органларининг қонунчиликда белгиланган ваколатларини амалга ошириш билан боғлиқ давлат хизматларини кўрсатиш ваколатлари ҳам киради (рухсат берувчи ва бошқа ҳужжатларни бериш, уларнинг муддатларини узайтириш, қайта расмийлаштириш тўғрисидаги аризаларни тақдим қилиш ва кўриб чиқиш, рўйхатдан ўтказиш, компенсация, кафолат ва имтиёзларни бериш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига тегишли бошқа қарорларни қабул қилиш).

Қонун ҳужжатларида “маъмурий тартиб-таомиллар” тушунчаси деярли қўлланилмаган ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда мазмуни очиб берилмаган тарзда акс эттирилган бўлиб, хозирги кунда Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини амалга ошириш, тадбиркорлик субъектлари ва нодавлат-нотижорат ташкилотларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш, мавжуд маъмурий тўсиқлар, сансалорлик ва ҳужжатбозликка барҳам бериш учун зарур бўлган институционал ва ташкилий механизмлар шакллантирилган, керакли ҳуқуқий асос яратилган. Умуман олганда, маъмурий тартиб-таомилларни амалга ошириш бўйича давлат органлари ва ташкилотларнинг фаолияти қонун ҳужжатларига мос равишда ташкиллаштирилган.

Ўзбекистон Республикасида суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ўтказилишининг бугунги кун босқичида мавжуд бўлган муаммоли масалалардан бири бўлиб маъмурий тартиб-таомилларнинг давлат органлари томонидан амалга оширилишини тартибга солувчи ягона бир тизимлаштирилган қонун ҳужжатининг мавжуд эмаслиги ҳисобланади.

Бунинг оқибатида рўйхатдан ўтказиш, лицензиялаш, сертификатлаш ва бошқа шунга ўхшаш маъмурий тартиб-таомилларнинг ҳуқуқий жиҳатлари маъмурий тартиб-таомилларнинг ягона тамойиллари ва талаблари акс эттирилмаган турли хил норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг нормалари билан тартибга солинган.

Қонун ҳужжатларининг таҳлили маъмурий тартиб-таомиллар ҳуқуқий базамизда бир хилда тартибга солинмаганлигини кўрсатиб турмоқда. Бундай ҳолатни, мисол учун, давлат органи томонидан қабул қилинган қарор ҳақида манфаатдор шахсларни хабардор этиш институтининг тартибга солиш механизмида яққол кўриш мумкин. Хусусан, қонун ҳужжатларида хабардор этишнинг тартиби ва муддатлари турли соҳаларда ҳар хил этиб белгилаб қўйилган.

Маъмурий тартиб-таомиллар амалда кўпгина норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинган. Шу билан бирга ҳуқуқий базани шакллантиришда маъмурий тартиб-таомилларнинг ягона стандартлари мажуд эмаслиги уларнинг амалга оширилиш механизмларининг алоҳида-алоҳида ва турли хилда ўрнатилиб келишига сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг ҳозирги кун ривожланиш шароитларида давлатнинг нодавлат ташкилотлари, жисмоний ва юридик шахслар билан бўлган муносабатларини янада ривожлантиришга, бизнес ва ҳокимиятнинг ўзаро муносабатга киришиш механизмини шакллантиришга, давлат бошқаруви соҳасида маълум бир тартибни белгилашга, ҳуқуқий ва умумижтимоий доирада маълум бир натижага эришишга ёрдам беришга қаратилган маъмурий тартиб-таомилларни ишлаб чиқиш юзасидан вазифалар қўйилган.

Маъмурий тартиб-таомиллар соҳасида муносабатларнинг ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинишининг аҳамиятлилиги бир тарафдан давлат ҳокимияти органлари ва иккинчи тарафдан уларга бўйсунмаган кўп сонли субъектлар, яъни фуқаро ва ташкилотлар орасидаги ўзаро муносабатларни ҳуқуқ билан тартибга солиш зарурияти билан изоҳланган.

Мазкур муносабатлар ўзининг хусусиятига кўра қайд этиб ўтилган субъектларни жавобгарликка тортиш билан эмас, балки фуқаро ва ташкилотларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини бажариш ҳамда аризачиларга нисбатан юридик аҳамиятга эга ҳаракатларни амалга ошириш билан боғлиқ.

Маъмурий тартиб-таомилларни амалга оширишда иштирок этадиган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланиши режалаштирилмоқда. Бунда давлат органлари билан фуқаро ва ташкилотлар ўртасидаги ўзаро муносабатларни акс эттирувчи асосий тамойиллар ўрнатилмоқда.

Умуман олганда “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонунни қабул қилиниши қуйидаги муҳим омилларга олиб келди:

маъмурий ҳужжатларни қабул қилиш жараёнининг стандартлашиши ва енгиллаштирилиши сабабли давлат органларининг фуқаролар ва ташкилотлар билан бўлган муносабатларининг қонунийлиги ва шаффофлигини;

маъмурий ҳужжатларнинг ишлаб чиқилиши, қабул қилиниши ва бажарилишининг замонавий технологияларини киритиш асосида давлат хизматларининг янада сифатли кўрсатилиши учун шароитларни;

маъмурий тартиб-таомиллар соҳасида вужудга келаётган муносабатларнинг тартибга солинишининг тизимлилигини ва уйғунлигини;

маъмурий тартиб-таомиллар амалга оширилишининг таъсирчан ташкилий-ҳуқуқий асосларини;

маъмурий тўсиқ ва чекловларни бартараф этади, сифатли давлат хизматларини кўрсатишга шароит яратади, давлат органлари томонидан маъмурий ҳужжатларнинг ишлаб чиқилиши, қабул қилиниши ва бажарилишининг аниқ тезкор механизмини;

коррупцияга қарши курашиш воситаси сифатида давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларининг фаолиятида шаффофлигини таъминлаш белгилаб қўйилган.

 

А.Турсунов,

Пайариқ туман ҳокимлиги бош юрисконсульти

2015-2024 © Пайариқ туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM