Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича яратилган тизим, нарх-навони барқарор сақлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида Пайариқ тумани ҳокими Д.Мусиновнинг ҲИСОБОТИ

Ассалому алайкум, Ҳурматли депутутлар, сессия иштирокчилари!

Барчамизга маълумки, бугунги кунда жаҳон хамжамияти глобал иқтисодий муаммоларни келтириб чиқараётган касаллик билан курашмоқда. Коронавирус пандемияси барча давлатлар қатори, бизнинг ҳам иқтисодиётимизга ўз таъсирини кўрсатмай қолмади.

Хусусан, ташқи бозорлар билан экспорт ва импорт операцияларини амалга оширишда маълум бир қийинчиликларни юзага келиши маҳсулотларимизни хорижий давлатларга экспорт қилиш, шунингдек аҳоли эҳтиёжлари учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини импорт қилишга салбий таъсир кўрсатди. Натижада, баъзи турдаги истеъмол товарлари нархларининг ошишига олиб келди.

Шу сабабли, Давлатимиз Раҳбари томонидан аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш, нархлар барқарорлигини таъминлашборасида ўтказилган селектор йиғилишида олдимизда турган асосий вазифалар белгилаб берилди.

Туманда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш бўйича жорий йилда бир қатор ишлар амалга оширилди.

Биринчидан, туманда қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотлари етиштириш хажмини 2 баробарга ошириш мақсадида жами 9673 гектар майдонга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экилди. Ушбу экинлар ҳисобига жами 84871 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилди. Жумладан, 615 гектарда 18300 тонна картошка, 481 гектарда 11275 тонна сабзавот, 21 гектарда 432 тонна полиз, 4572 гектарда 54864 тонна узум етиштирилди.

Иккинчидан, чорвачилик соҳасида чорва моллари бош сонини кўпайтириш мақсадида жорий йилда 40,8 млрд.сўмлик банк кредитлари ажратилиб, уларнинг бош сони йил бошидагига нисбатан 4500 бошга кўпайди. Жумладан, туманда аҳоли ва чорвачилик фермер хўжаликларида бугунги кунда 113160 бош қорамол (2019 йилда 108666 бош ёки 4494 тага кўп), 114600 бош қўй ва эчкилар (2019 йилда 108577 бош, ёки 6023 тага кўп), 2300 тонна балиқ, (2019 йилда 2267,1 тонна), 474300 бош (2019 йилда 454121 бош) парранда парваришланмоқда.

Учинчидан, туманимизда жорий йилда 6,0 гектар майдонда замонавий гидропоника усулидаги ҳамда 2 гектар майдонда аҳоли хонадонларида ихчам иссиқҳоналар ташкил этилиб, уларнинг жами майдони 12 гектарга етказилди.

Ушбу иссиқхоналарда жорий йилда жами 180 тонна помидор, 200 тонна бодиринг, 20 тонна лимон маҳсулотлари етиштирилиб, аҳолига ва экспортга сотилмоқда.

Тўртинчидан, Сизнинг лалмикор ерларни замонавий томчилаб суғориш технологияси асосида ўзлаштириш юзасидан берган топшириғингизга асосан сўнги 2 йилда 2016-2018 йилларда туманимизда 1740 гектарда интенсив боғ ва токзорлар ташкил этилган бўлса, жорий йилнинг ўзида бунга қўшимча равишда 3237 гектарда интенсив усулда томчилатиб суғориш усулида узумзорлар ва ёнғоқзор барпо этилмоқда. Шу йилнинг якунига қадар интенсив усулда ташкил этиладиган боғзорлар 4977 гектарга етказилади.

Бешинчидан, туманимизда жорий йилда 1000 тонна сиғимга эга музлатгичли омборхоналар қурилиб, бугунги кунда уларнинг сони 8 тага сақлаш сиғими ҳажми эса 2265 тоннага етказилди.

Туманимиз аҳолисининг қишлоқ хўжалигидаги асосий истеъмол қилинадиган маҳсулотлар ҳажми 356,6 минг тоннани ташкил этади.

Жумладан, картошка 45,5 минг тонна (истеъмол талабига нисбатан 32,8 минг тонна кўп), жами сабзавот маҳсулотлари 121,7 минг тонна (93,1 минг тонна кўп), полиз маҳсулотлари 10,1 минг тонна (4,9 минг тонна кўп), мевалар 15,1 минг тонна ( 925 тонна кўп), узум 26,9 минг тонна (23,4 минг тонна кўп).

Бизда, биргина бошқа худудлар каби 2,5 минг тонна гуруч маҳсулотини қўшни вилоятдан олиб келиниши ҳисобига таъминлаймиз.

Шунингдек, шакар маҳсулотига бўлган эҳтиёжни (2,8 минг тонна) тўла қондириш мақсадида, хориждан арзон нархларда шакар олиб келиш бўйича тадбиркорлар билан музокалар олиб бормоқдамиз.

Шу нуқтаи назардан биз ҳам, келгуси йил май ойигача бўлган даврда туманимиз аҳолисини асосий 9 турдаги маҳсулотлар, яъни гўшт, тухум, картошка, пиёз, сабзи, гуруч, ун, ўсимлик ёғи ва шакар билан узлуксиз таъминлаш ва нархлар барқарорлигини сақлаш мақсадида, бир қатор чора-тадбирларни белгилаб олдик.

Биринчидан, 2020-2021 йил қиш-баҳор мавсумида ички бозорни асосий турдаги маҳсулотлар билан кафолатли таъминлаш мақсадида, уларни заҳирага жамғариш бўйича қарор (19.10.2020й №1060-Қ) қабул қилиб, маҳсулотларни жамғариш ҳажмларини белгилаб олдик.

Унга кўра, жами 4775 тонна маҳсулот, жумладан 2518 тонна картошка, 1069 тонна пиёз, 748 тонна сабзи, 440 тонна гуруч жамғариш белгиланиб, бугунчага 1512,0 тонна маҳсулот жамғариди.

Жумладан, картошка 525 тонна, пиёз 720 тонна, гуруч 267 тонна.

Маҳсулот харид қилиш учун ҳудудий тайёрлов ташкилотларига банклар томонидан бугунгача 850,0 млн.сўм кредит ажратилди.

Шунингдек, қиш-баҳор мавсуми учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захирага жамғариш ва мақсадли ишлатилишини ҳамда молиялаштириш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича туман ҳокимининг ўринбосарлари бошчилигида туман ишчи гуруҳини туздик ва тузилган ишчи гуруҳлар фаолиятини шахсан ўзим назоратга олдим. Заҳира тадбирларини жорий йилнинг 10 ноябрига қадар тўлиқ якунлаймиз.

Иккинчидан, куни кеча, алоҳида қарор билан маҳсулотлар захирасини яратиш ва ойма-ой бозорга чиқариш ишларини молиялаштириш мақсадида туман ҳокимлиги қошида Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш жамғармасини ташкил этилди.

Ушбу жамғармани ташкил қилишдан мақсад, ички бозорни озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ва нархлар барқарорлигини таъминлашдан иборат.

Мазкур жамғарма ҳисобидан қоплаб бериш шарти билан тумандаги қассоблар шарт-шароитларини яхшилаш, зарур қулайликларин яратиб бериш ҳисобига 1 кг гўштнинг нархи 55,0 минг сўмдан сотилмоқда.

Учинчидан,“темир дафтар”даги 2369 та эҳтиёжманд оилаларнинг қиш-баҳор ойларида озиқ-овқат билан таъминлаш мақсадида “Саховат ва кўмак жамғармаси”га 700,0 млн.сўм маблағни маҳаллий бюджетдан ажратдик.

Ушбу фуқароларимизга қиш-баҳор мавсумида жами 604,0 тонна, шундан 359 тонна картошка, 49 тонна пиёз, 131 тонна сабзи ва 65 тонна гуруч маҳсулотларини декабр ойигача етказиб берилиши таъминланади.

Тўртинчидан, нарх-навони барқарорлигини таъминлаш мақсадида Пайариқ ва Челак шаҳри марказларида 2 та савдо ярмаркаси ҳамда 3 та деҳқон бозорларида алоҳида фермерлар расталари ташкил этилди.

Тумандаги барчамарказий деҳқон бозорлари ва савдо комплексларига “онлайн” видеокамералар ўрнатилди. Бу орқали бозорлардаги вазиятни ҳам назорат қилиб боряпмиз.

Бугунги кунда ушбу ярмарка ва деҳқон бозорларимизда 1 кг гўшт 55000 сўмдан, картошка 300 сўмдан, пиёз 1200 сўмдан, сабзи 1000 сўмдан, ўсимлик ёғи 12000 сўмдан, тухум (1 донаси) 900 сўмдан, шакар 6500 сўмдан, гуруч 9000 сўмдан, макарон 4500 сўмдан,парранда гўшти 18000 сўмдан сотилмоқда.

Нархлар барқарорлигини таъминлаш ва назоратни ўрнатиш мақсадида,

-Бош прокуратура қошидаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан доимий назорат ўрнатилади.

-Амалга ошириётган ишлар ҳақида сектор раҳбарлари ҳар ўн кунда аҳолига ҳисобот бериб боради.

Шунингдек, ўзим бошчилик 4 та сектор раҳбарлари, департамент, биринчи ўринбосарим билан биргаликда ички бозорларда истеъмол товарлари нарх-навосини ошиб кетишини доимий назоратга олиб, заҳирага жамғарилган маҳсулотларни декабр-май ойларида ички бозорларга белгиланган графикка мувофиқ арзон нархларда сотилишини таъминлаймиз.

Эътиборларингиз учун катта раҳмат.

2015-2024 © Пайариқ туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM