KPI асосида иш самарадорлигини бошқаришга бағишланган семинар ўтказилди

Давлат бошқаруви тизимига замонавий, инновацион усул ва воситаларни кенг жалб этган ҳолда давлат фуқаролик хизматчиларининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичларини аниқлаш ҳамда амалга оширилаётган фаолият натижадорлигини белгилаш юзасидан вилоятдаги барча туман ва шаҳар ҳокимликларида KPIни жорий этиш бўйича тизимли ишлар ташкил этилмоқда.

Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Самарқанд вилояти филиали томонидан KPI бўйича навбатдаги семинар Пайариқ тумани ҳокимлигида ўтказилди.

Ушбу семинарда Пайариқ тумани ҳокими ўринбосарларининг дастлабки кўникмаларини мустаҳкамлаш ҳамда улар фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳолаш тизимини босқичма-босқич жорий этиш, KPI – энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари тушунчаси, унга қўйилган талаблар, ҳоким ўринбосарлари фаолиятини баҳолашнинг асосий мезонлари, ҳозирги кунда KPIни жорий этишдаги муаммолар, ҳоким ўринбосарлари фаолиятини KPI бўйича ҳисоблаш рейтинги ва уларни аниқлаш мезонлари тўғрисида батафсил тушунча бериш мақсадида ташкил этилди.

Семинар-тренинг давомида филиал раҳбари Р.Қобилов давлат ташкилотларида KPI ни жорий этиш ва қўллашда чел эл мамлакатларининг илғор тажрибалари билан ўртоқлашди. Хусусан, KPIни шакллантириш манбалари таҳлил қилиниб, уларга SMART механизмидан фойдаланиш асослари, иш фаолиятини бошқариш воситалари ва ташкилот мақсадларини шакллантириш тўғрисида батафсил маълумотлар берилди.

Шунингдек, туман ҳокими ўринбосарларига бугунги кунда Республика бўйича тажриба сифатида KPI тизими жорий этилган туман ва шаҳарларнинг 2020 йил 9 ойи давомидаги дастлабки рейтинги таништириб ўтилди.

Учрашувлар сўнггида тўртта сектор раҳбарлари фаолиятига ҳам келгусида KPI баҳолаш мезонлари жорий этилиши юзасидан тегишли маъсуллардан таклифлар олинди ҳамда ҳудудларда бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири бўлган “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”ни юритилишида мавжуд муаммолар ҳамда ушбу муаммоларни бартараф этиш бўйича таклиф ва мулоҳазалар тингланди.

2015-2024 © Пайариқ туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM