ОДАМ САВДОСИ ҲОЗИРГИ КУНДАГИ ДОЛЗАРБ МУАММО

Қонунда одам савдоси учун жиноий жавобгарлик белгиланганлиги шахс эркинлигини ҳимоя қилишнинг конституциявий кафолатларидан бири ҳисобланади.

Одам савдоси учун жавобгарлик халқаро ҳуқуқда белгиланган бўлиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1949 йил 2 декабрдаги 317/IV-сонли резолюцияси билан маъқулланган “Одамлар савдоси ва учинчи шахслар томонидан амалга оширилаётган фоҳишабозликка қарши курашиш тўғрисида”ги конвенциясида ўз аксини топган. Шу билан бирга, мазкур жиноят Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2000 йил 15 ноябрдаги “Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш тўғрисида”ги конвенцияси ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ушбу конвенциясини тўлдирувчи “Одам савдоси, айниқса, аёллар ва болалар савдосининг олдини олиш ҳамда унга чек қўйиш ва унинг учун жазолаш ҳақида”ги Протоколида ҳам таъкидланган. Ҳозирда одам савдоси глобал хавфсизлик, жамият барқарорлиги, жаҳон ҳамжамиятининг ривожланишига таҳдид солаётган жиноят сифатида баҳоланмоқда. У хавфлилик даражаси бўйича ноқонуний қурол-яроғ сотиш ва наркобизнес каби трансмиллий жиноятлар қаторига қўйилмоқда. Одам савдоси трансчегаравий, комплекс характерга эга, уюшган гуруҳлар томонидан содир этилаётган кенг тарқалган жиноят бўлиб, унда инсон “товар”га айлантирилади. Амалда эса бу қулликнинг замонавий шаклидир. Мазкур жиноят фуқароларнинг мустақил ҳуқуқларидан бири ҳисобланган шахс озодлигига тажовуз қилади, шунингдек одам савдоси бошқа оғир жиноятларнинг содир этилишига шароит яратади. Жиноят қонунчилигида одам савдоси учун жавобгарлик белгиланиши бу турдаги жиноятларга қарши курашишнинг ҳуқуқий асосини яратади. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 135-моддаси 1-қисми мазмунига кўра, одам савдоси деганда, одамни олиш-сотиш ёхуд одамни ундан фойдаланиш мақсадида ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш тушунилади ҳамда мазкур ҳаракатлар учун уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши назарда тутилган.

Ушбу модданинг 2-қисмида, ўша ҳаракатлар: ўғирлаш, зўрлик ишлатиш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш ёхуд мажбурлашнинг бошқа шаклларини қўллаш орқали; икки ёки ундан ортиқ шахсга нисбатан; ожиз аҳволдалиги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан; айбдорга моддий жиҳатдан ёки бошқа жиҳатдан қарам бўлган шахсга нисбатан; такроран ёки хавфли рецидивист томонидан; бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб; хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда; жабрланувчини Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасидан олиб ўтган ҳолда ёки уни чет элда қонунга хилоф равишда ушлаб турган ҳолда; қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда, худди шунингдек жабрланувчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни олиб қўйган, яширган ёхуд йўқ қилиб юборган ҳолда; киши аъзоларини кесиб олиб, бошқа кишига кўчириш (трансплантат) мақсадида содир этилган бўлса айбдор беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши назарда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 135-моддаси 3-қисмига кўра, одам савдоси ўн саккиз ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан содир этилган бўлса; жабрланувчининг ўлимига ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса; ўта хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса; уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса айбдор саккиз йилдан ўн икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Афсуски, дунё бўйлаб шунча кенг қамровли фаолият, тегишли тарғибот-ташвиқот олиб борилишига қарамай ҳар йили миллионлаб инсонлар одам савдо қурбонига айланмоқда. Улар орасида аёллар, ҳатто ёш болалар борлиги ачинарли албатта.

Одам савдосининг ҳар қандай кўринишига қарши курашиш ҳалқаро ва минтақавий даражада жиддий ёндашув ва ўзаро ҳамкорликка асосланса яхши самара бериши мумкин, зеро одам савдоси, унинг инсоний ҳуқуқ ва эркинликларини ғайриқонуний равишда айнан инсон томонидан камситилиши кечириб бўлмас жиноятдир.

 

Самарқанд вилоят суди судьяси

Т.Қодиров

 

Жиноят ишлари бўйича

Пайариқ туман суди судьяси

С.Содиқов

 

 

2015-2024 © Пайариқ туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM