Конституциямизнинг 26 йиллик байрамида

Пайариқ тумани ҳокими  А.С.Жўраевнинг    Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма олти йиллигига бағишланган тантанали тадбирдаги

ТАБРИК СЎЗИ 

Ассалому алайкум, азиз тумандошлар!

          Сиз азизларни, Сизлар орқали туманимиз аҳлини қутлуғ айём билан чин қалбимдан табриклаб, барчангизга ўзимнинг самимий тилакларимни изҳор этаман.

         Барчамиз учун муқаддас саналган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси шу юрт, ушбу заминда яшаётган ҳар бир инсон учун ўзгача фахр-ифтихор билан нишонланадиган табаррук айёмдир. Ҳар бир инсон эркин ва озод яшашни, фаровон турмуш кечиришни истайди, Давлатга суяниб, ҳар томонлама кафолатланган ҳақ-ҳуқуқларидан тўлақонли фойдаланишга интилади. Ана шу нуқтаи-назардан биринчи Президентимиз     Ислом Абдуғаниевич Каримов бошчилигида дунёнинг 97 та мамлакатида тўпланган илғор конституциявий тажрибани ҳисобга олиб давлатимиз конституцияси яратилган.

Конституциянинг яратилиши йўлидаги биринчи ҳуқуқий қадам – ўзбек тилига давлат тили мақоми берилишидир.

         Конституция – давлатнинг Асосий қонуни. У давлат тузилишини, ҳокимият ва бошқарув органлари тизимини, уларнинг ваколати ҳамда шакллантирилиш тартиби, сайлов тизими, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва шахснинг ўзаро муносабатлари, шунингдек, суд тизимини ҳамда давлат ва жамиятнинг ўзаро муносабатларини белгилаб беради.

Асосий Қонунимиз яратилишининг мураккаб ва муҳим, айни чоғда шарафли солномасига назар солар эканмиз, ҳеч шубҳасиз, Ўзбекистон Конституцияси халқимизнинг мустақиллик сари узоқ йиллик изланишлари натижаси эканига ишонч ҳосил қиламиз.

Авваламбор, конституциявий “бино”ни қуришда уч минг йиллик миллий давлатчилик тажрибасига таянилган. Бугунги Ўзбекистон қадимги Хоразм ва Сўғдиёна, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар, Амир Темур ва Темурийлар, ўзбек хонликлари, маърифатпарвар аждодларимиз, халқимизнинг тарихий анъаналари ва унинг мустақил давлат ҳақидаги кўп асрлик орзусини мужассам этган.

Конституциямизни ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти беқиёсдир. Конституциямиз халқ  манфаатини тўлақонли ифода этиб, ўзининг ҳаётийлигини амалда яққол намоён этмоқда.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган шаффоф сиёсатнинг замирида ҳам асосий қомусимиз Ўзбекистон Республикасининг конституцияси турибди.

Бугунги юксак ислоҳатлар туфайли мамлакатимизда аҳолининг ҳаётга ва меҳнатга муносабати, ўз Ватани ривожланишига ғурур ва ифтихори, келажакка ишончи кундан-кунга яхшиланиб бормоқда.        

Тумандошларимизнинг ҳам турмуш фаровонлигини ошириш, қишлоқ хўжалигини, тадбиркорликни ривожлантириш, барчамиз учун бебаҳо бойлик бўлган фуқароларимиз саломатлигини асраб авайлаш, она ва бола муҳофазаси, соғлом авлод тарбияси, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, таълим соҳасини ривожлантириш, ҳамда аҳолининг тиббий маданиятини ошириш билан боғлиқ бўлган кўплаб ишлар амалга оширилмоқда.

Азизлар, яна бир бор  Сизлар ва Сизлар орқали барча меҳнат жамоаларингизни мамалакатимизнинг буюк Қомуси қабул қилинганлигининг 26 йиллик байрами билан чин қалбимдан табриклайман.

Мамлакатимизда тинчлик, осойишталик ва хотиржамлик абадий бўлсин.

 

Сизларга ва Сизлар орқали бутун туманимиз аҳолисига Оллоҳдан соғлик-омонлик, хонадонларингизга тинчлик-осойишталик тилайман.

2015-2024 © Пайариқ туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM