Пайариқ туман ҳокими Д.С.Мусиновнинг туман тадбиркорларига МУРОЖААТИ

Ассалому алайкум!

Ҳурматли тадбиркорлар!

Мустақил ва навқирон Ўзбекистонимизда тадбиркорлар учун улкан имкониятлар эшиги очилди. Тадбиркорликнинг турли соҳаларида фаолият олиб бораётган юртдошларимиз бу имкониятлардан унимли ва самарали фойдаланиб келмоқда.

 

Ҳурматли Президентимиз раҳбарлигида 2019 йил 7 ноябрь куни кенгайтирилган тарзда ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Бундан буён тараққиёт ва фаровонликка фақатгина тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш орқали эришиш мумкин”, деган фикр илгари сурилди.

Қадрли тадбиркорлар!

Тадбиркорлик фаъолияти бўйича туманимизда ташкил этилган Бош вазир қабулхонаси ташкил этилгандан буён 159 нафар тадбиркорлик субъектлари мурожаат қилган бўлиб, уларнинг 132 тасининг муаммоси ижобий ҳал этилди. 27 нафар тадбиркорларнинг мурожаатлари ўрганиш жараёнида бу ҳам албатта ечимини топади.

Азиз ишбилармонлар!

2019 йилда 10 ойи давомида туманимизда 361 та кичик бизнес субъектлари ташкил қилинди. Жорий йилнинг охиригача 400 нафарга етказилади.

Шунингдек, туманимизга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш мақсадида, қиймати 30,4 млн. АҚШ доллар миқдоридаги 10 та йирик инвестиция лойихалари ташкил этиш белгилаб олинди. Жумладан, январ-ноябр ойлари давомида 9,7 млн. АҚШ доллар қийматидаги тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритилди.

Хорижий инвестицияларни жалб қилиш мақсадида Жанубий Кореянинг “ORGANIC FARM DEVELOPMENT” хорижий компанияси билан туманимизда замонавий иссиқхона мажмуасини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди ва биринчи босқичида 25 гектар майдонга қурилиб 250 нафар аҳолимиз иш билан банд бўладиҳамда йилига 5 млн. АҚШ доллор миқдоридаги махсулотлар экспорт қилинади.        

Жорий йилда туман тижорат банклари томонидан тадбиркорларга жами 45,5 млрд.сўмлик кредит маблағлари ажратилди, айниқса кичик бизнес субъектлари лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида “Ҳар бир оила - тадбиркор” 31,2 млрд.сўм, “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси” 700 млн.сўм, “Ҳунармандчиликни ривожлантириш жамғармаси” 3,1 млрд.сўм, “Бандликка кўмаклашиш жамғармаси” 5,8 млрд.сўм, “Ёшлар-келажагимиз” давлат дастурлари доирасида 3,9 млрд. сўмлик имтиёзли кредит маблағлари ажратилди.

Шу билан бирга туман ҳудудида “2019-2020 йилларда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури” бўйича умумий қиймати 81,8 млрд.сўмлик 45 та лойиҳалар амалга оширилиши ҳисобига 416 та янги иш ўрни яратилиши белгилаб олинган.

Жорий йилнинг учинчи чораги якунига кўра дастур доирасида  24,9 млрд сўмлик шундан, ўз маблағи 13,9 млрд.сўм ва банк кредити 11 млрд. сўм ҳисобига 29 та лойиҳа ишга туширилиб, 176 та янги ўринлари яратилди.

Бу билан бир қаторда тумандаги экспортёр корхоналар томонидан 2019 йил ўтган даври мобайнида 7797,0 минг АҚШ доллар (87,0%), шу жумладан, саноат маҳсулотлари 545,0 минг  АҚШ доллар (100,0%), мева-сабзавот маҳсулотлари 7252,0 минг АҚШ доллар (83,9%) экспорт амалга оширилди.

Вилоят буйича амалга оширилган экспорт ҳажмларининг   3,1 фоизи Пайариқ тумани ҳиссасига тўғри келган бўлса, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг вилоятдаги улуши бор йўғи 1,3 % ни ташкил қилмоқда. Бу эса аҳоли жон бошига атига 596,9 минг сўмни тўғри келмоқда.

Туманда етиштирилаётган 7000,0 гектар майдондаги узум маҳсулотлари тўлиқ қайта ишланмасдан, ҳомашё сифатида реализация қилинмоқда. Шу сабабли, қишлоқ хўжалигида етиштирилган қарийиб 400,0 минг тонна маҳсулотларини тўлиқ қайта ишлаган ҳолда ички ва ташқи бозорга чиқариш, туманнинг саноат ва экспорт салоҳиятини ўсишига замин яратади.

Куни кеча муҳтарам юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва ипакчилик тармоқларини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар юзасидан ўтказилган кенгайтирилган видеоселектор йиғилишида туманимиз имкониятларидан тўлақонли фойдаланилмаётганлигини тушуниб етдик.

Бугунги кунда туманда 4,0 минг. тонна гўшт, 24,6 минг. тонна сут, 8,1 млн. дона тухум махсулотлари етиштирилган. Аммо бу туман аҳолисининг эхтиёжларини қондириш учун етарли эмас.

Туманда 24,0 минг гектар лалми ва яйлов ерлар мавжуд бўлиб, шундан18,2 минг гектар ерлардан боғдорчилик, балиқчилик, чорвачилик, паррандачилик ва шу каби бошқа соҳаларда фойдаланиб келинмоқда.

Қолган 6,0 минг гектар ер майдонларидан самарали фойдаланиш мақсадида интенсив боғлар барпо этиш, замонавий чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, қуёнчилик, туяқушчилик хўжаликларини ташкил қилган ҳолда аҳолининг гўшт ва сут маҳсулотларига бўлган талабини қондириш ҳамда экспортбоп маҳсулотларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш лозим.

Бундан ташқари туман иқтисодиётининг асосий йўналишларидан бири бўлган ипакчилик соҳасига кейинги йилларда эътибор сусайган.

Ушбу соҳани ривожлантириш ҳамда, мухтарам Президентимиз томонидан шу йўналишда берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида “тут плантациялари” ва “ихота”лари сонини кўпайтириш бўйича ишлар бошланган.

Бу ўз навбатида аҳоли даромадларини ошишини, қўшимча иш ўринлари яратилишини таъминлайди.

Туманимизнинг вилоятда ва ҳатто республикада ўз нуфузига эга бўлган туризм имконияти мавжуд бўлиб, бу бутун мусулмондунёсига маълум Пайариқ тумани Ҳартанг қишлоғида жойлашган “Имом Ал Бухорий” мажмуасидир.

Хозирги вақтда Мажмуа атрофида йирик туристик комплекс қурилиш ишлари бошлаб юборилган. Хусусан, 14 гектар ер майдонида            7 та блокга бўлинган 27 та иншоатдан иборат меҳмонхоналар комплекси қурилмоқда. Бундан ташқари, ушбу ҳудудда умумий овқатланиш, автомобиллар тўхташ майдони, супермаркет, бозорча, сувенер дўконлар ва бошқа объектлар қурилиши режалаштирилган.

Ушбу ҳудудда амалга оширилган ишлар натижасида саёҳатчилар ва зиёратчилар оқимининг кўпайиши кутилмоқда. Бу ўз навбатида қўшимча равишда уй меҳмонхоналари, хостел, ошхоналар, маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчалари шахсий транспорт хизматлари ва кўнгилочар масканларни ташкил қилишни талаб этади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, туман аҳолисининг турмуш фаровонлигини ошириш, бюджет даромадларини кенгайтириш ва фуқароларнинг иш билан таъминланиши учун ўз ҳиссасини қўшишни истаган тадбиркорларни фаоллик кўрсатишга чорлаб қоламан.    

Шижоаткор туманимиз тадбиркорлари!

Бундан буён тадбиркорликка кўмак берувчи масъул идоралар, 4 та сектор раҳбарлари “Ҳар бир тадбиркорга – кўмакдош, елкадош ва мададкормиз!” мезони асосида иш фаолиятимизни ташкил этамиз.

Ҳар бир идоранинг кун тартибидаги устувор вазифаси – тадбиркорлар билан бевосита мулоқот қилиш, уларнинг дардини эшитиш ва муаммоларини ҳал қилишдан иборат бўлади.

Тумандаги 4 та сектор раҳбарлари, барча бўғиндаги бошқарув ва назорат органлари,тадбиркорликнинг ривожланишига халақит қилаётган  тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш ҳамда ҳар бир ҳудудда тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг кафолатларини таъминлайди.

Бунда:

тадбиркорлик фаолиятига ортиқча аралашувларнинг олдини олиш, эндиликда давлат органлари билан муносабатлар текшириш эмас, балки Сизларга фақат ва фақат ёрдамлашиш нуқтаи назаридан қараймиз;

ҳар бир тадбиркорнинг мулки дахлсиз, ҳеч бир тадбиркордан турли сабабларни важ қилиб, унинг мулки тортиб олинмаслиги ёки бузилмаслиги кафолатланади ҳамда тадбиркорлар мол-мулки далхсизлиги таъминланади;

тадбиркорлар иштирокида турли мажлисбозликка чек қўйилади, маҳаллий ҳокимлик идоралари вазифаларини тадбиркорларга юклаш ва уларни ҳомийликка мажбурлаш амалиётига бутунлай барҳам берилади.

Ҳурматли тадбиркорлар!

Сизлар бугун ва келгусидаги мамлакатимиз равнақи учун муҳим аҳамият касб этувчи ҳисобланасизлар, шу боисдан сизларга яратилаётган имкониятлар ва эътиборга тўла ҳақлисизлар деб айтаоламан.

Эътиборингиз учун рахмат.

 

2015-2024 © Пайариқ туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM