Ёшларнинг таклифлари қўллаб-қувватланди

Бугун тумандаги 1-умумтаълим мактабида "Ҳоким ва ёшлар учрашуви" ўтказилди. Учрашувда ўқувчилар туман ҳокими Д.Мусинов билан ўзларининг такифлари, муаммоли мурожаатлари билан ўртоқлашди.

Хусусан, улар томонидан туманимизда "Назм ва наср" да ижод қиладиган ёшларнинг китобини чоп эттириш, мактабда байрам тадбирларини ўтказишда фаоллар хонасига қўшимча ўриндиқ ташкил қилиш, бугунги кунда туманда янги бекатлар қурилмоқда, ўша бекатларни "тарихий бекат"ларга айлантириш, яъни реклама жойлаштириладиган бир қисмига Ўзбекистон тарихи ҳақида қисқа маълумотлар бериб бориш ва бу орқали жамиятда ёшларимиз унга ҳар кун дуч келганда, уларда ватанпарварлик, Она юртга садоқат каби тушунчалар ривожланишига туртки бўлиши, мактабга келаверишда ўқувчиларга ноқулайликлар  туғдираётган камчиликларни бартараф этиш каби таклиф ва фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Тадбир давомида Д.Мусинов Президентимиз Олий Мажлисга мурожаатномасида:  "Биз Ўзбекистонни ривожланган мамлакатга айлантиришни мақсад қилиб қўйган эканмиз, бунга фақат жадал ислоҳотлар, илм-маърифат ва инновация билан эриша оламиз.
Бунинг учун, авваламбор, ташаббускор ислоҳотчи бўлиб майдонга чиқадиган, стратегик фикр юритадиган, билимли ва малакали янги авлод кадрларини тарбиялашимиз зарур. Шунинг учун ҳам боғчадан бошлаб олий ўқув юртигача – таълимнинг барча бўғинларини ислоҳ қилишни бошладик.
Нафақат ёшлар, балки бутун жамиятимиз аъзоларининг билими, савиясини ошириш учун аввало илм-маърифат, юксак маънавият керак. Илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва албатта, тўғри йўлдан адашиш бўлади.
Шарқ донишмандлари айтганидек, “Энг катта бойлик – бу ақл-заковат ва илм, энг катта мерос – бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик – бу билимсизликдир!”
Шу сабабли ҳаммамиз учун замонавий билимларни ўзлаштириш, чинакам маърифат ва юксак маданият эгаси бўлиш узлуксиз ҳаётий эҳтиёжга айланиши керак."- деб айтганлиги бежизга эмаслиги, мана шу интилувчан, изланувчан, ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қила оладиган, илм-маърифатли ёшларимиз етишиб чиқиши эртанги кунимиз учун замин яратиб келинаётганлигини ва бу орқали Биз ҳеч кимдан ва ҳеч қачон кам бўлмаслигимизни таъкидлаб ўтди. Юқоридаги таклиф ва мурожаатларнинг ижобий ечими  юзасидан тегишли ташкилот раҳбарларига кўрсатмалар берилди.

2015-2024 © Пайариқ туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM