Оммавий ахборот воситалари

“ПАЙАРИҚ ҲАЁТИ” ГАЗЕТАСИ ТАРИХИ

Ҳар бир янгиликнинг яратилиши ва унинг ҳаётга татбиқ этилиши, жамиятга нечоғлиқ фойдаси тегиши билан боғлиқ тарихи бўлгани каби, “Пайариқ ҳаёти” газетасининг ҳам дунёга келиши билан боғлиқ ўзига хос тарихи бўлиб, қуйида шу ҳақда сўз юритамиз:

Пайариқ тумани 1926 йил 26 декабрда ташкил топган. Маркази Челак қўрғони бўлган. 1932 йилда ташкил топганига салкам 6 йил бўлган туманнинг газетасини чиқариш кўндаланг вазифа бўлиб турган эди.

1932 йилнинг сентябрида босмахона ташкил этилиб, унга лотин алифбосидаги металл ҳарфлар келтирилади.

Шундай қилиб, туман газетаси “Большевик йўли”нинг илк сони 1932 йил 9 сентярда Челак қўрғонида 2 босма табоқда Қодир Обидов имзосида лотин алифбосида чиқа бошлади.

Газета иккинчи жаҳон уруши бошланишига қадар мунтазам равишда чиқарилиб турилди

Газетада урушга қадар турли йилларда Аҳмад Нишонов, Маҳмуд Бобоновлар муҳаррир ва Нори Маматов масъул котиб бўлиб ишлаганлар.

Бу даврда газетанинг Нарзулла Мақсудов, Кўбай Примқулов, Юсуф Ёдгоров ва Марди Назаров сингари фаол мухбирлари таҳририятнинг таянчи, муштарийларнинг севимли мухбирлари эдилар.

Иккинчи жаҳон уруши бошлангач, газета ўз фаолиятини тўхтатган.

Уруш тугагач, орадан 7 йил ўтиб, 1952 йил 1 сентябрда Челак қўрғонида “Большевик йўли” газетасининг илк сони чиқа бошлади.

Газета Ботирали Пирназаров муҳаррирлигида Бурҳон Шомирзаев масъул котиблигида “Большевик йўли”ни илк сони чоп этилди.

1953 йил Сталин вафотидан кейин партия сиёсати туфайли газетага “Сталин байроғи” номи берилди.

Газетага турли йилларда муҳаррирлик қилган Ражаб Ҳасанов, Рашид Маҳмудов, Эргаш Ғуломов ва Умар Шодиевлар туман ижтимоий ҳаёти қишлоқ хўжалигидаги ўзгаришларни кенг ёритилишига эришдилар.

Газета давр талабига кўра “Сталин байроғи”. “Коммунист”, “Коммунист байроғи”, “Челак тонги” каби турли номлар билан чиқарилди.

1963 йил апрель ойидан бошлаб, Пайариқ туманида “Коммунизм байроғи” номи билан чиқа бошлади. 1968 йилгача газетага Маҳмуд Абдураҳимов, сўнг  1968 йилдан 1988 йилгача 20 йил давомида газетага Ҳасан Худойердиев муҳаррирлик  қилишди.

Турли йилларда “Коммунизм байроғи” (“Пайариқ ҳаёти”) таҳририятида фаолият кўрсатиб ишлаганлар, Эргаш Саттаров, Камол Турсунов, Худойназар Ғойипов, Азим Суюн, Абдулла Юсупов, Умирзоқ Суюнов, Баҳром Давронов, Ўрол Чинниқулов, Акром Умаров, Тўратош Дўстқулов, Келдиёр Синдоров, Ҳабибулло Одилов, журналистлар Жибак Аҳадова, Саодат Умирова, Санталат Шодиева, Сайёра Жумақуловалар шулар жумласидандир.

Бадиий ижод соҳасида қалам тебратиб, ўз ижодий маҳсулларини газета саҳифаларида ёритиб, газетанинг таъсирчанлигини оширишда ўз ҳиссаларини қўшганлардан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Облоқул Усмонқулов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Зиёдулла Нурматов, шоир Абдумурод Исматов, Ойгул Суюндикова, Омоной Раббимова, Бахтиёр Шомирзаев, Кубора Аллаёрова, Турди Турсун ва Болибой Жўмартов каби ажойиб нафис калом соҳиблари туманимиз газетасининг бағридан чиққанлар.

1988 йилдан газетага Нормўмин Эгамназаров муҳаррирлик қила бошлади. Кейинги йилларда бу вазифада Эгамқул Хўжақулов ишлади.

Мустақилликдан кейин газета “Пайариқ ҳаёти” номи билан чиқа бошлади.

Газетага Турғунбой Ҳасанов, Тангирберди Эшқувватов, Абдумурод Исматовлар муҳаррирлик қилдилар.

2006 йилда “Пайариқ ҳаёти” газетасига журналист Азамат Тавбоев муҳаррир этиб тайинланди Мана 12 йилдан буён жамоани бошқариб келмоқда.

Айни пайтда таҳририятда узоқ йиллардан буён фаолият кўрсатиб ишлаб келаётган, катта тажрибага эга масъул котиб Суннат Муҳаммедов. журналистлар Турғун Ҳасанов, Ҳусниддин Холдоров, Элёр Холмуродов ва Ширинбой Мамадалиевлар газетанинг ҳар бир сони сифатли, мазмундор ва долзарб чиқишида ўз ҳиссаларини қўшиб келишмоқда.

“Пайариқ ҳаёти” газеасини янада мазмундор чиқишида, жойлардаги фаол жамоатчи мухбирларнинг ҳам хизматлари беқиёс.

Жумладан, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси, тажрибали журналист Эргаш Саттаров, Содиқ Ортиқов, Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси Болибой Жўмартов ва Баҳриддин Искановлар ўз ижодий маҳсулларини газета саҳифаларида мунтазам равишда ёритиб келмоқдалар

Барчамизнинг қадрли устозимиз, бутун умрини ёшлар тарбиясига бахшида этган, Ўзбекистон халқ таълими аълочиси, меҳнат фахрийси, камтарин инсон, Сирожиддин Мусаев (вафот этган) ҳам шулар жумласидан.

Сирожиддин Мусаев “Пайариқ ҳаёти” газетасида доимий равишда ёшлар тарбиясида, ўз шогирдлари, маҳаллада олиб борилаётган ишлар ва ўзининг ёзган очерки, ҳикояси, ҳажвиялари ва айниқса, рус тилидан таржималари билан қатнашиб келар эди. Сирожиддин Мусаев ўзининг одоб-ахлоқи, юриш-туриши, камтарлиги, дўстлар билан доим яхши муносабатда бўлиши, оилада меҳрибон ота сифатида ҳаммамиз учун ибрат бўларли умр кечирди.

Бугунги кунда ҳам газета Пайариқ туман ҳокимлиги томонидан ташкил этиладиган турли тадбирлар, давра суҳбатлари, семинарлар, тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги, кичик тадбиркорлик ва қишлоққа саноатни олиб кириш, маънавият, китобхонлик, юртимиздаги улкан яратувчанлик, бунёдкорлик ишлари ва бошқа мавзуларда долзарб мақолалар чоп этиб бормоқда.

 “Пайариқ ҳаёти” газетасининг жойлашган манзили: Пайариқ тумани, Пайариқ шаҳри, “Пайариқ 50 йиллиги” кўчаси, 17-уй.

2015-2019 © Пайариқ туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM