Туман ҳокими Д.С.Мусиновнинг байрам табриги

Ассалому алайкум, муҳтарама Онахонлар ва опа-сингиллар!

Ҳаммамиз орзиқиб кутган мана шу гўзал баҳор кунларида,
8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида Сиз, азизлар билан учрашиб турганимдан ғоят мамнунман.

Аввало, сизларни, сизларнинг тимсолингизда барча онахонларимиз, опа-сингилларимиз, дилбар қизларимизни ушбу байрам билан чин қалбимдан муборакбод этган холда, ўзимнинг чуқур ҳурмат ва эҳтиромимни билдираман.

Бу қутлуғ айёмда ҳурматли аёлларимизга энг самимий ва эзгу тилакларимизни изҳор этар эканмиз, биринчи навбатда муқаддас ва мўътабар Она сиймосига таъзим қиламиз.

Аёлнинг нафосати ва назокати, вафо ва садоқати, ақл-заковати ва фидойилиги асрлар мобайнида ер юзида ҳаёт давомийлиги ва абадийлигига асос бўлиб келмоқда. Шу боис ҳам дунёдаги энг буюк санъат асарлари, қўшиқ ва қасидалар, меъморий обидалар аёллар шаънига бағишлангандир.

Юртимизда оила ва жамият устуни, ҳаётимизнинг файзи ва кўрки бўлган хотин-қизларни эъзозлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш халқимиз учун азал-азалдан буюк қадрият бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Чунки сизлар билан ҳаётимиз гўзал, фарзандларимиз келажаги порлоқ, хонадонларимиз обод ва нурафшондир.

Муҳтарам Президентимиз Олий мажлисга Мурожаатномасида бу йил олий ўқув юртларига талабалар қабул қилиш давлат грантларини 2 баробар кўпайтирилиши, қизларимиз учун алоҳида грантлар ҳам ажратилиши, Хотин-қизлар қўмитаси ушбу грантлар асосида ўқитишга номзодларни танлаш ва саралаш мезонларини ишлаб чиқиши кераклиги ҳақида таъкидлаб ўтдилар.

Бу йил хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни янги босқичга кўтариш, 2020 йилда
5,5 минг нафар хотин-қизнинг кичик бизнес йўналишидаги лойиҳаларига 100 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит берилиши, бунинг учун банкларга давлат бюджетидан ресурс ажратиш. Бундан ташқари, 1 минг 576 нафар хотин-қизга янги уй-жойларга эга бўлиши учун бюджет ҳисобидан бошланғич бадал тўлаб берилиши, Ижтимоий ҳимояга муҳтож опа-сингилларимизни Хотин-қизлар тадбиркорлик марказларида
5 та муҳим ташаббус доирасида қисқа ўқув курсларида ўқитиш ташкил этиш алоҳида таъкидлашлари аёлларга бўлаётган эътиборни яна бир карра ошишига сабаб бўлди десак муболаға бўлмайди.

Ушбу эътиборнинг самараси ўлароқ, бугунги кунга келиб Ўзбекистоннинг 5 та вилоятида яъни Бухоро, Сирдарё, Андижон, Қашқардарё ва Наманган вилоятларининг шаҳар ва туманларига янги аёл ҳокимлар сайланди.

Ўтган йили туманимиздаги 25-мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Надежда Владимировна Крупская “Дўстлик” ордени, 92-умумий ўрта таълим мактабининг она тили фан ўқитувчиси Мардиева Чарос Ғуломовна "ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ХАЛҚ ТАЪЛИМИ АЪЛОЧИСИ" нишони билан мукофотланди.

Спорт соҳасида ҳам қизларимиз жаҳон ареналарида юртимиз байроғини юқори кўтариб келишмоқда. Масалан спортнинг “Муайтай” тури бўйича жаҳон чемпионлари Лайло Зикриллаева, Сабина Тўлқинова, “Турон яккакураши” спорт туриидан жаҳон чемпионлари Шаҳризода Абролова, Мадина Пардабоевалар ҳам ёшлар ўртасида спортни оммога тарғиб қилишда ёшларимизга ўрнак бўлмоқдалар.

Қишлоқ хўжалиги соҳаси туманимизда катта ўрин тутади. Бу соҳада ҳам фаоллик кўрсатаётган Зилола Қўчқорова, Соня Нурматова каби аёлларимизнинг фидокорона хизматларини эсламасдан ўтолмаймиз. Бир сўз билан айтганда бугун сизнинг иштирокингизсиз  бирон соҳани тасаввур этиш мушкул. Шунинг учун барча туманимиз аҳли номидан 8-март Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан яна бир бор табриклайман.

 Азиз ва муҳтарама опа-сингиллар!

Сўзимнинг охирида барчангизни Халқаро хотин-қизлар байрами билан чин қалбимдан табриклайман.

Барчангизга оилавий хотиржамлик, хонадонларингизга тинчлик, файзу барака тилайман.

Доимо халқимиз, Ватанимизнинг юксак меҳри ва ардоғида бўлиш ҳаммангизга насиб этсин!

Эътиборингиз учун раҳмат!

2015-2024 © Пайариқ туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM