Пайариқнинг табаррук зиёратгоҳлари
Туман ҳокими И. Жабборов ташаббуси ва таклифи билан етти шайх қадамжолари янада обод бўлаяпти. Тарихимизга чуқуррроқ назар солсак, унда сир-синоатлар кўп, фактлар, маълумотлар бисёр. Уларни таҳлил қилиш ва келажак авлодга етказиш сизу бизнинг зиммамизда. Тарихда Ислом динининг прогрессив аҳамияти, унинг ота-боболаримиз, аждодларимиз ҳаётида қандай аҳамиятга эга бўлганини ҳис этамиз. Туманимиздаги эски масжидлар, бинолар, қадим тепаликлар бу юртнинг қанчалик қадимий ва хотиротга бой эканини кўрсатиб туради.
Яқинда туман ҳокими И. Жабборов бошчилигида туманнинг тарихига ўзгача назар билан қаралиб, бу туманда яшаб ўтган пирлар, авлиёлар тарихи диний уламолар, оқсоқоллар, нуронийлар ва тарих билимдонлари ҳамкорлигида ўрганиб чиқилди ва туман тарихида бу борада янгича саҳифа очилди. Бу ҳам бўлса етти пир ҳақидаги фактларнинг ойдинлаштирилишидир. Кўп йиллардан буён бу етти пир, жумладан, “Дарвишшайх”, Тоҳиршайх” ва бошқалар ҳақида эшитардигу, уларнинг ҳаққоний тарихига қизиқмаган эканмиз. Эндиликда бу соҳага ҳам эътибор қаратилиб, туман ҳокимлиги томонидан туманимизда яшаб ўтган, шу ердаги одамларни яхшиликка, исломнинг муқаддас арконларига бўйсунишга чорлаб, эл назарига тушган, халқ хотирасига ўрнашган бу етти пирнинг тарихи қайтадан яратилди.
Мақолани бошлашдан аввал етти шайх ҳақида қисқача маълумот берсак.
Шайх Сайид Жолмуҳаммад Азиз Нўғай (Нўғай ота) – Хўжа Исмоил МФЙ ҳудудида жойлашган. Мақбараси 19-20 асрларга тегишли бўлиб, моддий маданий ва археологик мерос объектлари рўйхатига қўшилган.
Шайх Хўжа Ҳасан ибн Абдуллоҳ ибн Сафар Миёнқоли ас-Самарқандий (Ғойиб ота) – Ғойиб ота МФЙда жойлашган. У 1750 йилда Самарқанд вилояти Имом Суғд қишлоғида таваллуд топган. Самарқанд «Тилло Қори» мадрасасида 7 йил ўқиб, тасаввуф илмига ихлосманд бўлиб қолган. Ушбу шайх тўғрисида маълумотларни тарихчи Жума қули ал-Қоший ўзининг тарихий «Мужоддидия», «Тарихи Хумули» асарида келтиради.
Олим Шайх Азизон – «Алиобод» МФЙда жойлашган. Олим Шайх жомеъ масжиди номи берилиши сабаби, масжид ҳудудида жойлашган қабристонда 1564-1635 йиллар яшаган яссавия-азизон тариқатининг намоёндаларидан бири Олим Шайх Азизоннинг қабри жойлашган. Аштархонийлар сулоласига мансуб, Имомқулихон ҳукмронлиги даврида (1611-1642) яссавия-азизон тариқатининг йирик вакили сифатида танилган.
Мавлоно Дарвеш Шайх азизон Алиободий – “Дарвишиқ” МФЙда жойлашган. Ҳазратнинг ҳоки ҳозирги биз айтиб ўтган ва у кишининг номлари билан юритилаётган “Дарвишшайх” қабристонига қўйилган. “Дарвишшайх”га қўйилган тош диққат-эътиборга молик. Бу қабр тоши 1534 йилларда ёзилганлиги аниқланди. Демак қабристон ўша йилларда очилганлиги маълум ва равшан бўлди. Маълум бўлишича, қабристон пайдо бўлишига 500 йилдан ошган ва туманимиздаги Чолмуйин, Жўрабой, Робот, Дарвишиқ ва бошқа бир қатор қишлоқларнинг аҳолиси шунча вақтдан буён вафот этган қавмларини шу қабристонга дафн этиб келишаётир.
Шайх Саййид Нуриддинхожа – “Бошқўрғон” МФЙда жойлашган. Ушбу маҳаллада жойлашган “Саййид Нуриддинхожа” жомеъ масжид бевосита ва билвосита Ҳазрати “Эшони мударрис” қутби замон мавлоно Саййид Нуриддинхожа номлари билан боғлиқдир. Бу зоти бобарокат Саййид Аҳмадхожаги Косоний – Маҳдуми Аъзам даҳбедий авлодларидан бўлиб, насабда ҳазрати пайғамбаримиз Муҳаммад (С.А.В)га етадилар.
Эшони шайх Назруллоҳхон (Ғарибий) – “Мустақиллик” МФЙда жойлашган. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳис-саломнинг 31-авлодлари ҳисобланадилар. Домланинг “Қасидан Амолий шарҳи ва тавҳид манзумаси” номли рисоласи 2008 йил ҳазрат Ғарибий таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан чоп этилиши, китобхонлар, мадрасалар таълимида дарслик сифатида фойдаланиш учун айни муддао бўлди ва дарслик сифатида фойдаланилмоқда.
Муҳаммад Тоҳир шайх Азизон Алиободий (Тоҳир шайх) – Тоҳир шайх МФЙда жойлашган. Мазкур зиёратгоҳ ва мавзеьнинг маҳаллий аҳоли тилида “Тоҳиршиқ” тарзида талаффуз қилинганлигини, аслида икки компонентдан иборат бўлган зиёратгоҳ номи талаффузда элизия (товуш тушиши)га учраб, бир сўзга айланган ҳамда урф-одатимизга кўра халқ орасида улуғ инсонга ҳурмат юзасидан Тоҳир шайх азизон деб эмас балки, оддийгина “Тоҳиршиқ” деб юритилганлиги ва йиллар, асрлар давомида “Тоҳир шайх” сўзи, талаффузларда “Тоҳир шайх” - “Тоҳиршиқ” дея умумий маъно ўзгармасдан, маҳаллий халқ томонидан бугунги кунга қадар шу ном билан аталиб келинмоқда.
Бугун дунёнинг қайси бурчагига бормайлик, бизга Имом ал-Бухорийнинг ватандоши, авлодлари – бухорийлар деб катта ҳурмат ва эътибор билан муносабатда бўлишади, ҳавас қилишади. Имом ал-Бухорий барчамизнинг фахримиз, ифтихоримиз. Номи етти иқлимда машҳур бўлган зотга муносиб ворис бўлиш ҳар биримиздан катта масъулият талаб этади, албатта. Туманимизнинг туристик салоҳияти юқори бўлган Имом Ал Буҳорий ёдгорлик мажмуаси ва унинг атрофида бугун ҳукуматимиз ва шахсан юртбошимиз томонидан ободонлаштириш, унинг ташқи кўринишини замонавийлаштириш борасида жуда катта ишлар амалга оширилаётир.
Шунингдек, ички туризмни ривожлантириш орқали тарихий маданий мерос обеъктлари ва қутлуғ қадамжоларга бўлган эътибор янада кучайтирилмоқда. Бу каби самарали ишлар Пайариқ туманида ҳам тегишли чора-тадбирлар асосида ташкил этилган. Ҳудудда Етти шайхнинг қабрлари мавжуд бўлиб, ушбу зиёратгоҳларни тўлиқ ободонлаштирилиши режалаштирилган. Бу борада туман ҳокими Исроил Жабборов таклиф ва ташаббуслари билан лойиҳа таклифлари ишлаб чиқилиб, амалий ишлар бошлаб юборилган. Келгусида чет эллик ва маҳаллий ташриф буюрувчиларни Имом ал-Бухорий мажмуасидан Етти шайх зиёратгоҳларигача саёҳат йўналиши ташкил этилади.
Ҳозирги кунда ушбу қутлуғ қадамжоларда қилиниши лозим бўлган, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ҳамда бунёдкорлик ишлари бошлаб юбрилди. Ушбу лойиҳалардан катта мақсад ва марралар кўзланган.
— Айни пайтда туман ҳокими И.Жабборовнинг саъй-ҳаракатлари билан зиёратгоҳлар, маҳалла ва меҳнат жамоаларида теварак-атрофни тартибга келтириш, саранжом-саришта қилиш, тозалаш ишлари янада кенгайди,- дейди туман бош имом хатиби Мансуржон Абдухолиқов. — Айниқса, етти шайх зиёратгоҳларида олиб борилаётган савобли ишлар тахсинга лойиқ. Қадимдан халқимиз бундай табаррук жойларга зиёратга боришган, сабаби бундай зиёратгоҳлар одамларнинг маънавий покланишига олиб келган, дуолар ижобат бўладиган жойлар ҳисобланган. Ҳа, ободлик кўнгилдан, кўнгилни олишдан, қилган ишларимиз натижасидан бошланади. Доно халқимизда қайси юртнинг ободлиги, халқи маънавиятли ва маърифатли эканлигини билмоқчи бўлсанг, уларнинг бозори билан мозорига назар сол деган ҳикматомуз нақл бор. Инсонлар ҳаёти бевосита зиёратгоҳлар билан боғлиқ. Бизлар ўтганларни зиёрат қилиш, қадамжолар ва қабристонларга тез-тез бориб туриш ҳаётимизнинг ажралмас қисми эканини эътироф этамиз. Зиёрат сўзи луғатда ташриф буюриш, кўргани бориш деган маънони беради. Қабрларни зиёрат қилиш суннат амаллардан ҳисобланади. Азиз авлиёларнинг мақбараларини, шунингдек яқинларингизнинг қабрларини зиёрат қилиб туриш ислом динида савобли ишлардан саналади..
Аҳолимиз бугун Етти шайх руҳларини шод этиш, шахсига ҳурмат бажо келтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу улуғ сиймолар ётган, бугунги кунда обод гўшага айлантирилаётган қадамжоларни зиёрат қилишга интилади, улар ҳаётлигида қилган эзгу ишларни ўрганиш, хотирасини ёд этиш пайида бўлади. Айни шу жиҳат мамлакатимизда сайёҳликнинг истиқболли йўналиши саналган зиёрат туризми ривожида муҳим омил бўлаяпти. Сўнгги вақтда зиёрат туризми янгича мазмун ва шакл касб этмоқда, аҳоли орасида кенг оммалашмоқда.