Рамазон меҳр-мурувват ва баракот ойидир.
Рамазон меҳр-мурувват ва баракот ойидир.
Диёримизга ойларнинг султони, меҳр-шафқат ва саховат рамзи бўлган, Қуръони карим нозил бўлган, фазилати жиҳатидан бошқа ойлардан афзал бўлган муборак Рамазон ойи ташриф буюрди. Аллоҳ таоло барчамизга ушбу улуғ ойни муборак қилиб, Ўзи рози бўладиган ибодатларни адо этишимизга муваффақ қилсин!
Шукурлар бўлсинки, Рамазон ойи юртимизда жуда катта эътибор ва тайёргарлик билан кутиб олинади. Сабаби, ҳар йили Рамазон ойи кириб келиши муносабати билан давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг "Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш" тўғрисида қарорлари қабул қилиниб, масжидларда эмин-эркин ибодат қилинишига ҳукумат миқёсида эътибор қаратилади. Шундай экан биз мўмин-мусулмонлар бу шароитларни қадрига етиб, ушбу муборак ойни шукроналик кайфиятида ўтказишимиз лозимдир.
Рўза араб тилида "савм" деб аталиб, луғатда "бирор нарсадан ўзини тийиш"ни билдиради. Истилоҳида эса "тонгдан то қуёш ботгунча рўзани ният қилиб, уни очувчи барча нарсалардан ўзини тийиш"дир.
Рамазон рўзаси ҳижратнинг иккинчи йили фарз қилинган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: "Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз", деб марҳамат қилади (Бақара сураси, 183-оят). Бу оятда Аллоҳ таоло Рамазон рўзасини ҳукм ва ҳикматларини баён қилди. Бу ойнинг фазилат жиҳатидан бошқа ойлардан афзаллиги шундаки, бу ойда Аллоҳ таоло инсониятга илоҳий дастур қилиб Қуръони каримни нозил қилди. Бу ҳақда Қуръони каримда: "Рамазон ойи-одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир. Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Кимки бемор ёки сафарда бўлса, (тута олмаган кунларининг) саноғи бошқа кунлардандир. Бу-ҳисобни тўлдиришингиз ҳамда ҳидоятга бошлагани учун Аллоҳга такбир (ҳамду сано) айтишингиз ва шукр қилишингиз учундир", дея марҳамат қилинади (Бақара сураси, 185-оят).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси қудсийда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: "Аллоҳ таоло: "Одам боласининг ҳамма амали-ўзи учун, фақат рўза-мен учундир ва унинг мукофотини Мен Ўзим берурман", деди. Рўзадорга икки марта хурсандчилик бор: бири-ифтор вақтида оғзини очгандаги хурсандчилик бўлса, иккинчиси-қиёмат кунида Парвардигорига рўбарў бўлгандаги хурсандчиликдир" (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилганлар). Рўзадор киши тонгга яқин ҳеч ким кўрмайдиган вақтда саҳарлик қилади, кундузи ҳамма қатори юраверади. Рўза-Аллоҳ билан банда орасида сир бўлган ибодатдир. Ҳеч кимсиз, ёлғиз ўзи қолганида ҳам рўзадор Аллоҳ таоло кўриб турганинг ҳис қилиб, бирор нарса емайди. Ана шулар-рўза Аллоҳ учун тутилишининг белгисидир. Шунинг учун ҳам ёлғиз Аллоҳ учун бўлган ибодатнинг мукофотини Аллоҳ таолонинг Ўзи беришга ваъда қилмоқда.
Рамазон ойи-Аллоҳ таолонинг раҳмати ёғиладиган, жаннат безатиладиган, дўзах эшиклари ёпиладиган, шайтонлар кишанланадиган ва кўплаб бандаларнинг гуноҳлари кечириладиган ойдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад саллалоҳу алайҳи васаллам бу ҳақида ҳадиси шарифда: "Ким Рамазон ойида имон билан, савоб умидида рўза тутса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади", деб марҳамат қилдилар (Муттафақун алайҳ).
Бошқа бир ҳадиси шарифда айтилади: "Рамазон ойи келганида, Раҳмат эшиклари очилади, жаҳаннам эшиклари ёпилади ва шайтонлар кишанланади" (Муттафақун алайҳ).
Рамазон ойи-эҳсон ва саховат ойидир. Чунки, Рамазон ойида қиллинган ибодатларнинг савоби кўп бўлгани каби, эҳсон ва саховатда ҳам савоб кўп бўлади. Мана шу вақтни ғанимат билиб, ота-она, оила, туғишганлар, қариндошлар, қўни-қўшнилар ва бева-бечора муҳтожларнинг ҳолидан хабар олиш айни савоби улуғ амаллардан ҳисобланади. Шунинг учун азизлар бу муборак Рамазон ойини ғанимат билиб, имкон қадар савоб ишларни қилиб қолайлик. Пайғамбаримиз Муҳаммад саллалоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадиси шарифларида: "Инсонлар ичида Аллоҳга энг севимли киши инсонларга кўпроқ манфаати тегадиган кишидир! Аллоҳ таолога энг маҳбуб амал-мусулмоннинг қалбига хурсандчилик киргизишингиз, ундан ғам ташвишларини аритишингиз, зиммасидаги қарзни узиб беришингиз, очлигини кетказишингиздир! Мусулмон биродаримни ҳожатини чиқариш йўлида юришим Масжидун Набавийда бир ой эътикоф ўтиришимдан яхшироқдир. Ким ғазабини тийса, Аллоҳ таоло уни айбларини ёпади. Ким ўч олишга қодир бўла туриб, ғазабини ютса, Аллоҳ унинг қалбини Қиёмат кунида омонлик билан тўлдиради. Ким биродарини ҳожати билан юриб, уни раво қилса, Аллоҳ таоло қадамлар тоядиган Кунда унинг қадамларини собит қилиб қўяди", деб марҳамат қилдилар (Имом Табароний ривоятлари).
Аллоҳ таоло муборак Рамазон ойида адо этаётган барча савобли амалларимизни Ўз даргоҳида ҳусни қабул этиб, улуғ ажр савобларга ноил қилсин!
Манбалар асосида Пайариқ тумани бош имом хатиби Мансуржон Абдухолиқов тайёрлади. (Газетада оят ва ҳадислар борлиги сабабли уни ножоиз жойларга ташламанг).