insurez
12-11-2024 16:13

Расмий муносабат


Расмий муносабат
Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг сўровида Пайариқ туманида кўп қаватли уйларда яшовчи аёлнинг кўчага чиқариб юборилганлиги билдирилган. Шу асосда ушбу ҳолат туман хокими И.Жабборов, ўринбослари ва тегишли ташкилот рахбарлари томонидан ўрганилди. Фуқаро туман марказидаги ижтимоий уйга жойлаштирилди.

Дастлабки маълумотларга кўра, 1976 йилда туғилган Ўроқова Соҳиба Очиловна, 1 нафар вояга етган ва 2 нафар вояга етмаган фарзандлари борлиги, хозирги кунда шарий никоҳдаги турмуш ўртоғи билан бирга яшамаслиги, катта ўғил фарзанди Россия давлатига ишлаш мақсадида кетганлиги аниқланди.

Фуқаро Ўроқова Соҳиба Очиловнага (2020 йил ноябр) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 апрелдаги “Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарга арзон уй-жойлар бериш тартиби тўғрисида”ги қарори асосида уй-жойининг бошланғич бадал тўлови Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан тўлаб берилган.

Фуқаро (2022 йил август) кредит тўловларини  ўз вақтида тўламаган ва бир неча маротаба огоҳлантирилган.

Кредит қарздорлигини ундириш қарздор С.Ўроқованинг хонадонига қаратилганлиги сабабли ушбу хонадон давлат ижрочисининг 26.10.2023 йилдаги далолатномасига асосан реализация қилиш мақсадида хатланган ва қўшимча муддат берилиб, кредит қарздорлиги тўлиқ тўланмаса уй-жой биноси “E-Auksion” орқали сотилиши ҳақида огоҳлантирилган.

С.Ўроқовага бир неча маротаба огоҳлантирилишига қарамасдан кредит қарздорлигини тўламасдан бош тортиб келганлиги сабабли кредит таъминоти сифатида гаровга қўйилган уй-жой “E-Auksion” дастурига бириктирилган ва 13.02.2024 йилдаги “E-Auksion” натижаларига кўра аукцион ғолиби томонидан  ютиб олинган.

С.Ўроқова  жорий йилнинг  июль ойидан буён уй-жойдан чиқиши тўғрисида  бир неча маротаба огоҳлантирилган, ихтиёрий равишда чиқишдан бош тортиб келганлиги сабабли  11.11.2024 йил Мажбурий ижро бюроси Пайариқ туман бўлими томонидан, ижро ҳужжати ижроси амалда таъминланиб, қарздорлар ушбу хонодондан мажбурий тартибда чиқарилган.

С.Ўроқова туман хокимлиги томонидан туман марказида жойлашган ижтимоий уйга жойлаштирилди.

Teglar
- -